Тошкентнинг “Обод” футбол клуби Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Ижроия Қўмитасининг ЎФФ билан бирга келишилган қарорига кўра, футбол бўйича 2017 йилги Ўзбекистон чемпионати қатнашчилари сафидан чиқарилди.
Бугунги кунга келиб “Обод” футбол клубининг ЎзПФЛ олдидаги қарзлари 112 млн сўм (шундан 90 млн сўм – аъзолик бадали тўлови, 15 млн сўм – Ўзбекистон фуқароси бўлмаган мураббийни рўйхатга қўйиш учун тўлов ва 7 млн – жарима тўловлари)ни ташкил этади. Ўзбекистон клубларини лицензиялаш бўйича регламентга мувофиқ клубни молиялаштириш манбалари тўғрисидаги маълумотнома ЎзПФЛга тақдим этилмаганлиги натижасида ушбу жамоа ниманинг ҳисобига молиялаштирилиши ҳақидаги масала тушунарсизлигича қолаверди.
“Обод” футбол клуби, шунингдек, регламент талабларини қўпол равишда бузган ҳолда бир неча марта огоҳлантириш берилганига қарамасдан лицензиялаш бўйича бирорта ҳам хужжатни расмийлаштирмади.
Шу билан бирга Олий лиганинг 20-тури доирасидаги “Обод” – “Сўғдиёна” (2:4) ва 22-туридан ўрин олган “Обод” – “Насаф” (0:6) ўйинларида қайд этилган натижаларнинг шубҳали эканлиги айтилган “Federbet” халқаро нотижорат федерациясининг Ўзбекистон Футбол Федерациясига ёзган хати ҳам ЎзПФЛ Ижроқўмининг якуний қарор қабул қилишида асос бўлиб хизмат қилди.
Мусобақалар регламентининг 4.26 бандига асосан “Обод” футбол клуби тақвимдаги ўйинларнинг яримидан кўпини ўтказиб бўлганлиги муносабати билан қолган ўйинларда жамоага техник мағлубият, унинг рақибларига эса техник ғалаба ёзилади. Ўтган ўйинлардаги огоҳлантириш ва четлатишлар ўз кучида қолади.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилик хужжатларида кўрсатилганидек “Обод” футбол клубидаўз ходимлари ва футболчилари олдидаги меҳнат шартномалари бўйича қарзларни узиш ва солиқ тўловларини тўлаш мажбурияти сақланиб қолади. Жамоа ходимлари ва футболчиларига эса бошқа футбол клублари қайдномасига мусобақалар регламенти асосида рўйхатга киритилиш учун рухсат берилади.