Миллий терма жамоамиз бугун янги бош мураббий раҳбарлигида майдонга тушади. Мухлислар таркибда жиддий ўзгаришларга қўл урилишини кутишганди.
Рўзиқул Бердиев кўпчилик кўнглидаги ишни амалга оширди, яъни таркиб янги футболчилар билан тўлдирилди. Бу масалада ҳозирча эътирозлар йўқ, ҳисоб.
Назаримизда, аксарият мухлислар ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш маъносида шундай йўл тутишди, чоғи. Мамлакатимиз футбол шинавандалари табиатига хос тамойил бу.
Ўзи бизда мухлислар ҳамиша янги бош мураббийга умид кўзи билан қарашган, унинг фаолиятига муваффақият тилашган. Гарчи Рўзиқул Бердиев вақтинча бошқарувчи саналсада, унга янги ўзгаришларни бошлаш миссияси юклатилган мураббий сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳа, миллий жамоамиз келгусида том маънодаги янгиланиш босқичига қадам босади. Ўша жараёнларда иштирок этиш-этмаслигидан қатъий назар, Рўзиқул Бердиев илиқ шабадаларнинг эстирган мураббий сифатида тарихда қолса, ажабмас.
Мазкур мулоҳазаларни атайлаб ўйиндан аввал ёзмоқдамиз. Зеро, натижа айни хулосаларимизга соя солмайди. Худди Станислав Черчесов Россия термаси таркибини ислоҳ қилгани каби Рўзиқул Бердиев ҳам бош жамоамизга дадиллик билан янги футболчиларни таклиф этди.
Очиғи, Черчесов ҳозир натижа масаласида мақтанолмайди, аммо Россия термасининг ўйини жонлангани, тезлашгани - факт! Буни Аргентина термаси билан кечган ўртоқлик учрашувида ҳам кўрдик.
Россияликлар ўйинида Фабио Капелло ва Леонид Слуцкий давридаги оғир-вазмин услуб йўқолди. Ҳозирги таркиб жаҳоннинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши ғоят иштиёқ билан тўп сурди.
Шу боис, шарҳловчилар ҳам Лионель Месси ва Серхио Агуэрони мақтай-мақтай, гол ўйиндан ташқари ҳолатдан урилганини қайта-қайта алам билан таъкидлашди.
Эътиборлиси, мағлубиятга қарамай, Черчесов шогирдларига нисбатан танқидий мулоҳаза билдирилмади. Чунки жамоа ҳақиқатан ҳам, яхши ўйнади ва кичик ҳисобдаги мағлубият аслида савия устидан қозонилган кўнгилни юпатувчи дастлабки ғалабадир.
Албатта, Черчесов шундай иштиёқманд таркибни шакллантиргунча анча тер тўкди. Шу маънода айтсак, бугунги ўйин натижаси Рўзиқул Бердиев тақдирида ҳал қилувчи аҳамият касб этмайди.
Тўғри, барчамиз ҳар қандай баҳсда бош жамоамиз ғалаба қозонишини истаймиз. Лекин мухлисларни аввало, футболчиларимизнинг учрашувда қандай ҳаракатланишлари қизиқтирмоқда. Экспериментал таркиб илк синовдан қандай ўтади? Ҳамма гап шунда.
Мухлислар Самвел Бабаяннинг ДАВОМИ