«Яна бу ерга қайтганимдан, «Бавария» мени бош мураббий сифатида қабул қилганидан беҳад мамнунман» - Мюнхен суперклубининг янги устози ҳақидаги ҳикоямизни унинг матбуот анжуманидаги кириш сўзи билан бошладик.
Муқаддима
Нико Ковач «Бавария»нинг бош мураббийи лавозимига таклиф этилгач, унинг фаолияти хусусида кўпгина мақолалар чоп этилди. Улардан фарқли ўлароқ, биз мураббийнинг бошқа касбдошларидан ажралиб турадиган хислатларига тўхталишни маъқул кўрдик.
Ака-укалар
Нико ҳамда Роберт Ковачлар мураббийлик соҳасида оилавий тандемни ташкил этишган. Бунақаси футбол оламида кам учрайди. Улар биргаликда тўп суришди, энди қўлни-қўлга берган ҳолда футболчиларга устозлик қилишмоқда. Ҳамкорлик Зальцбургда бошланиб, Хорватия терма жамоаси ва «Айнтрахт»да давом этди. Энди навбат «Бавария»га келди.
Никонинг Мюнхен гранди бош мураббийлигига тайинланиши баҳордаёқ маълум бўлганди. Матбуот анжуманида Ковач жанговар руҳиятини намойиш этди: «Қандай масъулиятни зиммамга олаётганимни сезиб турибман. Муваффақиятга эришиш йўлини яхши биламан. Мен ҳам, укам ҳам хизматга шаймиз».
Ака-ука тандемида ҳар қайси мутахассиснинг ўз ўрни, вазифаси бор. Никонинг ўз шогирдларини руҳлантира олиш қобилияти экспертлар томонидан эътироф этилган, Роберт эса - тактика устаси.
У фақат жамоа услуби хусусида бош қотиради, акасининг «соя»сида қолиб кетаётганидан хафа бўлмайди.
Ғолиблик руҳияти
«Требл» қайд этилган 2012|2013 йиллар мавсумидан кейин «Бавария»да икки марта мураббий алмашди. Юпп Хайнкеснинг илк ворисига айланган Гвардиола икки мавсумда 2та Германия кубоги ва 3та «кумуш товоқ»қа сазовор бўлди. Лекин ЕЧЛда қаторасига 3 марта ярим финалларда Испания грандларидан енгилди, «шалпангқулоқ» Мюнхенга қайтмади.
Оқибатда Хайнкеснинг кубоги сўнгги халқаро совринлигича қолди. Шу тариқа шартномани узайтирмаган Гвардиола ўрнини Карло Анчелотти эгаллади. Бир қарашда «Милан»ни 2, «Реал»ни 1 марта халқаро майдонда ғолибликка олиб келган италиялик мутахассис немис гранди учун муносиб номзоддек туюлганди. Бироқ унинг «Бавария»си нуфузли турнирни чорак финалдаёқ тарк этди.
Тўғри, ички мусобақада ғолиб чиқди. Аммо 5 карра чемпион «Бавария» учун бу мақтанишга арзийдиган натижа эмасди. Клуб мутасаддилари дон Карло илк мавсумини ўтказаётганини инобатга олиб, яна имкон беришди. Бироқ янги мавсумда ҳам ўзгариш сезилмади.
Раҳбарият мавсум якунини кутиб ўтирмай, Анчелотти билан хайрлашди, Юпп Хайнкес раҳбарлигида «Бавария» яна шоҳсупага кўтарилди. Лекин ЕЧЛдаги омадсизликка чек қўйишни фахрий мураббий ҳам уддалай олмади. Мутасаддиларнинг ҳамкорликни давом эттириш ҳақидаги таклифларини рад этган Хайнкес футболдан чарчагани, кексалик даврини оила даврасида ўтказишини маълум қилди.
Гвардиола ҳамда Анчелоттининг халқаро ареналардаги омадсизликларини аксарият мутахассислар футболчиларнинг жароҳатлари билан изоҳлашади. Аслида, ўйинчиларнинг жисмоний тайёргарлиги талаб даражасида бўлмаган. Шу боис, жамоа мавсумнинг якуний босқичида толиқиб қоларди.
Ковачнинг шогирдлари эса шу пайтгача доимо ажойиб спорт формасида бўлишган. Ўйлашимизча, хорватиялик мутахассис Мюнхендаги фаолиятини жисмоний тайёргарликка катта эътибор қаратишдан бошлайди.
Қувват тугаган жойда руҳият бошланади
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.