Pepsi Суперлигаси 20-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Қўқон-1912” учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида Нўъмон Ҳасанов иштирок этди.
- "Бунёдкор" жуда яхши шаклланган жамоа ҳисобланади. Шунинг учун бугунги ғалабани кутилмаган дейиш мумкин. "Қалдирғочлар"нинг ўрта чизиғида Иброҳимов, Собирхўжаев ва Ҳайдаров сингари тажрибали футболчилар ҳаракат қилиши мени қўрқитганди. Бугунги ўйинда асосан ушбу футболчиларни ёпишга ҳаракат қилдик. Машғулотларда ҳам шу устида алоҳида ишлагандик. Бу ишни уддалаганимиздан хурсандман.
Умуман ўйин ва натижа учун футболчиларимга миннатдорчилик билдираман. Бугун Иқбол Маликжоновнинг рақиб ҳужумларини бузишда, марказда устунликка эришишимизда хизмати катта бўлди.
Ўйин чиройли бўлди. Рақиб футболчиси олган қизил карточка ҳам бизга қўл келди. Аммо "Бунёдкор" 10 киши бўлса-да яхши ўйнагани таҳсинга лойиқ.
Қўқондан бизни қўллаб-қувватлаш учун келган мухлисларимизга, шунингдек, бутун жамоага, футболчиларга ажойиб ўйин учун миннатдорчилик билдираман. "Бунёдкор"ни Тошкентда мағлуб этишни ҳамма ҳам уддалай олмайди.
Биз имкон қадар кучли-олтиликка киришга ҳаракат қиляпмиз. Буни уддалаш осон бўлмайди. Бизни қийин бўлган "Пахтакор"га қарши баҳс кутмоқда. Албатта, бор кучимизни ишга солиб мухлисларимизни хурсанд этишга ҳаракат қиламиз.