Суперлига 24-тури доирасидаги “Навбаҳор” – “Металлург” (0:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Навбаҳор” спорт директори Анвар Солиев иштирок этиб, ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Анвар Солиев (“Навбаҳор” спорт директори): - Бугунги учрашувда қимматли 2 очкони йўқотдик. Бунга эса эҳтиёткорлигимиз сабаб бўлди. Боиси, ўйинни бир нафар ҳужумчи билан бошладик. Шундай бўлса-да, Дарко Никачда гол уриш учун 3 та хавфли вазият юзага келди. Лекин у вазиятлардан фойдалана олмади.
Учрашув якунланишига 30 дақиқа қолганида майдонга иккинчи форвардни тушириб, ҳужумкорликни кучайтирдик. Лекин футболчилар юзага келган вазиятлардан фойдалана олишмади. Захирадан майдонга туширилган ўйинчилар, жумладан, Азамат Алланиёзов ва Сардор Сулаймоновда ҳам имконият бўлди.
Аммо улар ҳам дарвозани ишғол эта олишмади. Қисқаси, имкониятлардан фойдалана олмаслик жамоамизга панд берди. Ўз олдига юксак мақсадларни қўйган жамоа шундай ўйинларда ғалаба қозониши шарт эди. Бироқ...
Бугунги дурангда барча мураббийлар штабининг айби бор. Ушбу баҳсдан хулоса чиқариб, кейинги ўйинларда ижобий натижа қайд этишга интиламиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.