Хабар бериб ўтганимиздек, Миллий олимпия қўмитаси бир неча спорт турида селекцион мусобақаларни ўтказмоқда. Бунгача таэквондо WTF бўйича баҳслар якунига етиб, унда ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлиб улгурди.
Шу кунларда, пойтахтимиздаги «Универсал» спорт саройида мазкур турнирда бокс бўйича беллашувлар ўтказилмоқда. Баҳсларда кикбокс, муайтай, қўл жанги билан шуғулланаётган спортчилар бокс бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришмоқда.
Бундан кўзланган мақсад юқорида қайд этилган спорт турлари вакилларига олимпия спорт тури ҳисобланган бокс билан шуғулланиш ва келажакда Олимпия ўйинларида юртимиз байроғини кўкларга кўтариш учун имконият яратиб беришдир. Баҳслар 8 вазн тоифасида ташкил этилмоқда.
Бугун мусобақада саралаш баҳслари учрашувлари якунига етди. Эртага ярим финал беллашувлари ўтказилади. 1 октябрь куни эса финаллар бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа якунида биринчи ўрин соҳибларининг ҳар бирига Миллий олимпия қўмитаси томонидан 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти тақдим этилади. Иккинчи ва учинчи ўрин эгалари эса мос равишда 1 миллион сўм ва 500 000 сўм пул мукофоти билан тақдирланади.