Профессионал бокснинг супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида фаолиятини бошлаётган Исроил Мадримов дебют жангидаёқ чемпионлик камари учун рингга кўтарилади. Бу ҳақда спортчининг ўзи маълум қилди.
24 ноябрь куни АҚШда, Атлантик Сити шаҳридаги “Mark G. Etess Arena“ саройида бўлиб ўтадиган бокс кечасида дебют қиладиган Мадримов шу куни мексикалик Владимир Эрнандесга қарши рингга чиқади. Эрнандес шу кунга қадар проф боксда 12 та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг 10 тасида ғалаба қозонган, 2 та жангда имкониятни бой берган.
Мадримов ва Эрнандес жанги 10 раундлик жанглар сирасига киритилган ва унда WBA Intercontinental чемпионлик камари ўртага қўйилади. Мазкур бокс кечасида, шунингдек, Шаҳрам Ғиёсов ва Муроджон Аҳмадалиев ҳам ўзининг навбатдаги жангларини ўтказади.
Маълумот учун: бокс тарихида фақатгина бир марта — украиналик Василий Ломаченко ўзининг дебют жангида чемпионлик камари учун рингга чиққан. Таққослаш учун: Муроджон Аҳмадалиев эса худди шундай камарини тўртинчи жангида қўлга киритган.