Испания Ла лигасининг 17-туридан ўрин олган қолдирилган ўйин бўлиб ўтди. "Реал" сафарда "Вильярреал" клуби меҳмони бўлиб, муҳим 2 очкодан маҳрум бўлди.
"Сариқ сувости кемаси", кутилмаганда, ўйиннинг 4-дақиқасидаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Санти Касорланинг ажойиб зарбасини Куртуа қайтара олмади. Меҳмонлар эса жуда тез мувозанатни тиклашди. Орадан 3 дақиқа ўтиб Васкеснинг узатмасидан кейин Бензема бош билан дарвозани ишғол қилди.
Учрашувнинг 20-дақиқасига келиб эса мадридликлар бурчак тўпи орқали олдинга ўтиб олишди. Варан бош билан рақиб дарвозасини забт этди. Майдон эгалари танаффусга қадар ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди. Аммо Чуквезе яккама-якка вазиятдан самарали фойдалана олмади.
Иккинчи бўлим ўрталарига қадар тўп назорати Солари шогирдларида бўлди ва улар иккита қулай имкониятдан фойдалана олишмади. Шундан сўнг устунлик "Вильярреал" томонига ўтиб кетди. Баҳс тугашига 8 дақиқа қолганида Форнальснинг аниқ узатмасидан кейин Касорла бош билан Куртуа қўриқлаётган дарвозага тўпни жойлади.
Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда мезбонлар қарши ҳужумдан самарали фойдаланишганида ғалабани илиб кетишлари мумкин эди. Бироқ томонлар ўз ҳисобларига 1 очкодан қўшиб қўйишди.
Жадвалда 4-ўринда бораётган "Реал" 30 очкога эга бўлган ҳолда, пешқадам "Барселона"дан 7 очко ортда қолмоқда.
Испания Ла лигаси, 17-тур
Вильярреал – Реал Мадрид 2:2 (1:2, 1:0)
Голлар: 1:0 – 4 Касорла, 1:1 – 7 Бензема, 1:2 – 20 Варан, 2:2 – 82 Касорла.
Вильярреал – Асенхо, Альваро Гонсалес, Коста, Лайюн, Руис, Форнальс, Хави Фуэго (Тригерос, 82), Чуквуэзе, Касерес (Токо-Экамби, 63), Касорла, Морено (Бакка, 68).
Реал Мадрид – Куртуа, Варан, Марсело, Карвахаль, Рамос, Модрич (Вальверде, 64), Каземиро, Васкес, Кроос (Винисиус Жуниор, 86), Бэйл (Иско, 46), Бензема.
Огоҳлантиришлар: Каземиро (41), Альваро Гонсалес (45), Рамос (89), Коста (90).