"Барселона" ярим ҳимоячиси Денис Суарес жамоани тарк этишга яқин турибди. Футболчи Испания чемпионатининг 18-тури доирасида бўлиб ўтган "Хетафе"га қарши ўйин қайдномасига киритилмади.
Бу орқали каталонияликлар пулни тежашмоқчи. Гап шундаки, "Барселона" 2013 йилда Суаресни "Манчестер Сити"дан сотиб олганида, Денис "кўк-анорранглилар" сафида ҳар 10та ўйинда майдонга тушса, "шаҳарликлар"га 600 минг евро тўлаб бериши ҳақида трансфер шартномасига банд киритилган.
Шу пайтгача Денис Суареса "Барса" сафида 69та ўйинда майдонга тушди. Ярим ҳимоячи яна битта баҳсда иштирок этса, каталонияликлар ғазнаси 600 минг еврога камаяди. Каталонияликлар жамоани тарк этишга яқин турган футболчи туфайли ортиқча харажат қилишни исташмаяпти.
25 ёшли футболчининг хизматига Италиянинг "Милан" ва "Рома" клублари қизиқиш билдиришаётганди, аммо Лондоннинг "Арсенал" клуби Суарес учун курашда ғолиб чиқди. Унаи Эмери уни АПЛга кўчиб ўтишга кўндирган.
Денис Суарес ушбу мавсумда барча мусобақалар доирасида "Барса" сафида 6та ўйинда майдонга тушиб, иккита гол урди.