«Реал» бош мураббий Зайниддин Зидан жамоасининг Испания чемпионати жадвалида «Барселона»дан анча ортда қолиб кетгани борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Ла лиганинг 34-туридан кейин каталонияликлар 80 очко билан пешқадамлик қилишмоқда. "Қироллик клуби" эса азалий рақибидан 16 очко ортда қолмоқда («Реал» ўзининг тур ўйинини эртага «Хетафе»га қарши ўтказади). Агар бугун «Атлетико» ўз уйида «Валенсия»га имкониятни бой берса, "кўк-анорранглилар" муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритади. Бу "Барселона" учун Испаниядаги 26-чемпионлик бўлади.
«Ла лига — жуда муҳим. Испания чемпионатида ғалаба қозониш ҳамиша олдимиздаги вазифа бўлади. Келаси мавсумда бизнинг бош мақсадимиз Ла лигада ғолиб чиқиш бўлади.
Бизнинг ҳисобимизда 33та чемпионлик бор. «Барселона»да нечта? Ҳақиқатан ҳам улар сўнгги йилларда Испания чемпионатида ажойиб иштирок этишмоқда. Буни тан олишимиз керак. Лекин бизнинг тарихимизда совринлар кўпроқ. Мен учун Примерадаги ғолиблик — энг муҳими. Бунинг учун курашамиз», – деди Зидан.