Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоалари мураббийлари доимий равишда ўз малакаларини оширишга катта аҳамият қаратиб, бу борада футболи ривожланган мамлакатлар жамоалари тажрибасидан кенг фойдаланишга ҳаракат қилиб келишмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков Италиянинг "Интер" жамоасида малака ошириб қайтди. Миллий терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер ўз вақтида "Интер" жамоасида бош мураббий сифатида иш олиб борганидан хабарингиз бор. Денис Иванковнинг "нерадзуррилар" сафида малака оширишида Эктор Купернинг ҳам ҳиссаси катта бўлганини алоҳида таъкидлаш керак.
Терма жамоамизнинг дарвозабонлари устози малака ошириш давомида "Интер" клубида олиб бориладиган машғулотлар билан яқиндан танишди ҳамда италиялик мутахассисларнинг иш услубини ўрганди. Бундан ташқари, "Интер" жамоаси иштирокидаги ўйинларни бевосита стадиондан томоша қилди.
Шунингдек, Денис Иванков Украинанинг "Динамо" клуби таклифига кўра, Киев шаҳрида ҳам бўлиб, у ерда ҳам малака оширди. "Динамо" клубида малакат ошириш жараёнида терма жамоамизнинг собиқ футболчиси, айни пайтда клубда ёрдамчи мураббий сифатида иш олиб бораётган Максим Шацкихнинг ҳиссаси катта бўлди.
Денис Иванков Киевдаги машғулотларни кузатиш жараёнида ҳам ўзи учун кўплаб керакли маълумотлар ва тажрибаларга эга бўлди.