Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Раньерининг “тулкилар”и: “Лестер”нинг сири нимада эди?

Баҳо:
+ | -

АПЛ ажойиб турнир. Шуниси ажойибки, исталган жамоа бошқа бир исталган клубни мағлуб эта олади.  Шуниси ажойибки, қуйи лигадан чиққан жамоалар етакчиларни мағлуб этиши мумкин, бу ҳеч кимни ажаблантирмайди ҳам. Энг муҳими, қуйи лигадан чиққан клуб АПЛда чемпион ҳам бўлиши мумкин. Бошқа лигаларда эса бундай ҳолатни деярли кўрмайсиз. Англияда эса мазкур натижани “Лестер” қайд этди.

ТАСОДИФ  ЭМАС

Италиялик мутахассис Клаудио Раньери ҳамда унинг “тулкилар”и АПЛда чинакам тўнтариш амалга оширгани ёдингизда бўлса керак. Бу кутилмаган ёки тасодифий натижа дерсиз. Тўғри. Аммо бунинг бошқа сабаблари ҳам бор. Масалан, Раньерининг “Лестер”ида  футболга чанқоқ йигитлар йиғилганди. Мақсади футболдан пул топиш эмас, футболдан завқ олиш бўлган йигитлар йиғилганди. Маҳрезга ўхшаган қаерга келиб қолганини тузук англамаган, аммо маза қилиб футбол ўйнаши кераклигини билган йигитлар йиғилганди. Раньери эса ана шу қони қайноқ йигитларга муносиб устоз бўла олди. Оқибатда ўша фантастик мавсумда янги йил арафасида АПЛ турнир жадвалида биринчи ўринга чиққан “Лестер” шу билан пастга тушмади. Буни қарангки, муддатидан олдин чемпион бўлишни ҳам уддалади.

“Лестер”да пул йўқ эди, “Лестер”да таркибни кучайтириб юборар даражада маблағ ҳам йўқ эди. Шу боис ҳам кейинги мавсумда “тулкилар” чемпионликни сақлаб қола олишмади. Буни кўпчилик кутмаганди ҳам. Аммо...

ҲОЗИР ҲАМ КУЧЛИЛАР САФИДА

Ҳозир “Ливерпуль” ҳамда “Лестер” ўртасидаги ўйинга бемалол “марказий ўйин”  мақомини берсам бўлади. Яъни “Лестер” ҳозир ҳам кучлилар қаторида. Турнирни кучли олтиликда якунлашга даъвогарлар сафига ҳам киритиш мумкин. Бу ҳозирда “Лестер”нинг доимий даражасидир, аниқроқ айтадиган бўлсак, тахтдан айрилган бўлса-да, “кучли жамоа” мақомини йўқотмади “Лестер”.

“Лестер” Англия ва Европа футболига кўп нарса берди. Жейми Варди Англия терма жамоасида ўйнаган ва ҳозир ҳам бу ишни қойиллатадиган футболчи, Рияд Маҳрез айни дамда АПЛнинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири, Каспер Шмейхель — бир пайтлар дунё футболининг темир посбонларидан бири бўлган афсонавий Петр Шмейхелнинг ўғли — ҳозирда АПЛнинг кучли посбонларидан бири. Нголо Канте — “Челси”нинг юрагига айланган, Франция терма жамоасининг ҳам ажралмас қисми бўлган футболчи... Хуллас, бундай номларни истаганча санаш мумкин. Улар “Лестер”да кашф этилган футболчилар. Агар бу юлдузлар “Лестер”да қолишганида, эҳтимол, “тулкилар” яна бир бор чемпион бўлишлари мумкин эди. Аммо бошқа томондан бу жамоа кўплаб иқтидорлар учун машҳурлик сари элтувчи кўприк вазифасини бажарди.

ИҚТИДОРЛАР ҲАМОН БОР

“Лестер”да иқтидорлар ҳозир ҳам бор. Айни дамда Брендан Роджерс қўл остида бир қатор бўлажак юлдузлар тўп сураётган бўлса, не ажаб. “Лестер” ҳали кўп нарсага қодир. Жорий мавсумда ҳам жамоа совринли ўринлар учун курашса, ажаб эмас. Қолаверса, Брендан Роджерс ҳар доим ана шундай шижоатли жамоаларни бошқаришга ўрганган. Умид қиламизки, Роджерс ҳам “Лестер” тарихида Раньеридек из қолдиради. Роджерс ҳам “Лестер”нинг янги кашфиётларини кашф қилади. Биз эса “тулкилар”нинг кам сонли ашаддий мухлислари учун жамоанинг юксак натижаларга эришишини тилаб қоламиз.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 20:21, 07.10.2019.
Ўқилди: 5830 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.