Италия А серияси навбатдаги туридан ўрин олган “Сассуоло” — “Интер” ўйинини кўра туриб, бир нарсага яна бир бор амин бўлдим — Аргентина яна бир юлдузга эга бўлмоқда.
Эндигина 22 ёшга кирган Лаутаро Мартинеснинг ўйини таҳсинга сазовор. Яхши ҳужумчи бўлиш учун қандай сифатлар талаб қилинади: тезлик, дриблинг, кучли зарба, совуққонлик... Мартинесда ҳаммаси бор. Масалан, “Сассуоло” дарвозасига урган голи унинг қанчалик ақлли эканлигини, вазиятни кўра олишини англатади. Бу хислат бошқа ҳужумчиларда йўқ, демайман, лекин Лаутарода ҳам борлиги унинг ютуғи.
Сиз биргина “Сассуоло” билан ўйиндан келиб чиқиб хулоса қиляпти, деманг, йўқ. Бу футболчининг ўйинини кўриб бораётганлар фикримга қўшилишади. Лаутаро Мартинес ушбу мавсумда чиндан ҳам порлаяпти.
Шу ўринда Контенинг ҳам аҳамиятини таъкидлаш керак. Италиялик мутахассис ёш футболчига ишониб, имконият бермоқда. Гарчи мавсум аввалида Милан клуби иккита иқтидорли ҳужумчини сотиб олган эса-да, Мартинес захирада қолгани йўқ. Дам Лукаку, дам Санчеснинг ўрнига тушиб, нималарга қодир эканлигини кўрсатди. Унга имконият берган Конте эса ютқазмади: етарлича тажриба тўплаётган, майдонга мослашиб бораётган Мартинес жароҳат олиб сафдан чиққан Санчеснинг ўрнини бемалол боса олади энди.
Мартинес жуда тезкор. Рақиб футболчиларидан асло чўчимайди, ҳайиқмайди. Унинг яна бир муҳим жиҳати — ўзига бўлган ишончи. Олдида нечта рақиб бўлишидан қатъи назар шошиб қолмайди, ҳар бир вазиятдан натижа чиқаришга интилади.
“Барселона” ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси терма жамоасида Мартинес билан бирга ўйнаганидан кейин уни клубга олиб келиш фикрини илгари сура бошлади. Қолаверса, Чемпионлар лигаси доирасида “Интер” сафида Мартинес “Барселона”га қарши ажойиб ўйнади. Бу ҳам Мессининг эътиборидан четда қолмади. Қолаверса, Мартинес эндигина 22 ёшга тўлди. Бу у ҳали камида 5-6 йил юқори даражада ўйнай олиши мумкин, дегани. Агар ўз устида ишлашни тўхтатмаса, албатта. Бу эса футболчининг ўзига боғлиқ бўлган ҳолат. Шу боис ҳам Месси Мартинеснинг “Барселона”га келишини истаганди.
Айни дамда Каталония клуби раҳбарияти Суаресни сотмоқчи эканлиги ҳақида баъзи-баъзида хабарлар чиқмоқда. Агар чиндан ҳам ушбу трансфер содир бўлса, “Барселона” Мартинесни сотиб олишга уриниб кўриниши табиий. Аргентиналик ёш иқтидор эса тажрибали ҳамюртидан кўп нарсани ўрганиши табиий.
Бундан ташқари, Мартинеснинг ўзи ҳозирча “Интер”дан кетмагани маъқул. Чунки Конте ундан қандай фойдаланиш кераклигини топа олди, Лаутаро италиялик мутахассиснинг ишончини қозонишга эришди. Шу билан бирга, Милан клуби олдига катта мақсадларни қўйган, Конте бу йил камида А серия чемпиони бўлмоқчи. Унинг режаларида, шунингдек, ЕЧЛ ғолиблиги ҳам бўлса, ажаб эмас. Мартинес эса бундай катта мақсадларни кўзлаган клубнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Бу катта гап 22 ёшли футболчи учун. Айтайлик, “Интер” мавсум якунида А Серия ғолиби бўлди, Мартинес эса Италия чемпионлигини қўлга киритди. Бу соврин Лаутаро учун қишда “Барселона” сафига ўтишдан-да қувончлироқ бўлади. Ахир Италия чемпиони бўлиш кичкина соврин эмас.
Антонио Контенинг келиши “Интер”да кўп нарсани ўзгартиргани ҳақида олдин ҳам айтиб ўтгандик. Шу пайтга қадар бошқа мураббийлар қўл остида мудраётган футболчилар эндиликда майдонда яйрашяпти. Биз эса Мартинес ва унинг жамоадошларига омад тилаб қоламиз.
Низомжон ИСЛОМОВ