Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Барчага керак бўлаётган ҳужумчи

Баҳо:
+ | -

Айни дамда “Милан” жамоасида тўп сураётган Польша терма жамоаси аъзоси Кшиштоф Пёнтек ҳақидаги миш-мишлар тобора кўпайиб бормоқда. Бугун ушбу футболчининг трансфер келажаги борасида фикр юритамиз.

Кичик тарих



2018/19-йилги мавсумни “Женоа” сафида фантастик бошлаган ҳужумчи тезда барчанинг эътиборини ўзига қаратишга муваффақ бўлди. Мавсумнинг биринчи ярмидаёқ 19 та гол киритган поляк қишга борибоқ “Милан” томонидан 38 миллион евро эвазига харид қилинади. Қизиғи шундаки, “Женоа” Кшиштофни йил бошида атиги 4,5 миллион эвазига сотиб олган эди.

Қаҳрамонимиз “Милан”даги фаолиятини сермаҳсуллик билан бошлади. “Россонери”сафида 6 та учрашувда 7 бор рақиб дарвозаларини ишғол қилган ҳужумчини клуб тифозилари уни иккинчи Златан даражасига олиб чиқилган бўлса-да, кўп ўтмай ишлар ортга кетишни бошлади. Бир томондан бунга “Милан”нинг ишончсиз ўйини ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Янги мавсумда барчасини бошидан бошлаган ҳужумчи ўз даражасида тўп сура олмаяпти. Ортда қолган вақт мобайнида унинг ҳисобида атиги 5 та гол борлиги сўзимизга яққол исбот бўла олади.



Кетиш палласи яқин


Тан олиш лозим, “Милан” Пёнтекдан кўпроғини кутган эди. Балки шунинг учун ҳужумчининг трансфер қиймати тушиб кетмасидан олдин сотиб юбориш режалаштиришгандир? Шу кунга қадар Кшиштофни ижарага олиш борасида бир нечта таклифларга рад жавобини берган клуб ҳужумчини 30 миллиондан камига қўйиб юбормаслиги аниқ. Полякнинг  кетиши биринчи навбатда ўзи учун ҳам катта наф келтириши турган гап. Сабаби, жамоага Златан қайтгач, деярли барча эътибор айнан шведга қаратилган. ОАВдан тортиб клуб мухлисларигача, қисқачароқ қилиб айтганда, барча-барчанинг эътибор марказида Ибраҳимович турибди. Ибра Миланга захира ўриндиғида шиппак кийиб ўтириш учун ташриф буюрмагани аниқ. Бу биринчи ўйинданоқ яққол маълум бўлди. Илк ўйинларданоқ старт таркибда кўриниш берган Златан билан “Милан” иккита ғалабага эришди. Пёнтек эса унинг соясида қолишни бошлади. Польшалик футболчи Ибранинг янада қариб кетишини кутиб ўтиришидан ҳеч қандай мантиқ йўқ. Кескин қарор қабул қилишнинг айни пайти.


Хўш, унга қайси клублардан таклифлар бор?

Аслида унга айни дамда даъвогарлик қилаётган клубларнинг деярли барчаси ноиложликдан трансферга қўл уришга мажбур бўлишмоқда. “Барселона”да Луис Суарез сафдан чиққан бўлса, “Манчестер Юнайтед”да Решфорд, “Тоттенҳэм”да эса Ҳарри Кейнда оғир жароҳат мавжуд. “Атлетико Мадрид” ҳам расман даъвогарлар қаторида бўлишига қарамай, унинг имкониятлари жуда кам. “Матрасчилар” тўлиқ кашф этилмаган ҳужумчи учун ҳеч қачон 30 миллион тўлашмайди. Мана шу жамоалар учун Пёнтек айни дамда муаммонинг ечими бўлиб ҳизмат қилишга қодир. Боз устига, қанот ҳимоячилари 50 миллионга баҳоланаётган даврда 9-рақам учун 30 миллион? Суперклублар учун бу пуллар чикора!

Пёнтек бундан нима ютади?

Сезган бўлсангиз, Пёнтек мураббийлар ундан қандай фойдаланишига қараб натижа кўрсатадиган футболчи. Соддароқ қилиб айтганда, замонавий футболнинг робот авлоди вакили. Поляк учун бугунги кунда янги чақирувлар жуда муҳим. Боз устига, уни захира ўриндиғини эгаллаши учун эмас, майдонда йўқ йигитлардан бирининг ўрнини эгаллаш учун чорлашмоқда. Бу кариерани қайта юклаш учун идиал танлов! Бунақаси фақат киноларда бўлар эди, бироқ Пёнтек бундан мустасно. Тақдир машҳурлик учун унга иккинчи имкониятни яратмоқда! Номи зикр қилинган клублардан бирида ўзини йўқотиб қўймаса, яна аввалги Пёнтекка айланади-қўяди! Барчаси жуда осон, лекин у қайси вариант устида тўхташи керак?

“Милан” нотўғри позиция танламоқда

Миланликларнинг Пёнтек борасидаги қарорини тушуниш қийин. Клуб ўз ҳужумчисини ижарага беришдан бош тормоқда. Агарда, полякни вақтинча бошқа клубга жўнатиш орқали катта даромад кўриш мумкинку! Биринчидан, унинг маошига кетадиган пул тежаб қолинса, иккинчидан ҳужумчининг келажаги клуб қўлида қолади. Боз устига, унинг трансфер қиймати ҳам пасайиб кетмайди. Агарда, “Барселона” ёки “Тоттенҳэм”да Икарди сингари ўйнаб берса борми, “Милан” унинг трансферидан 30 эмас, 60 миллион ҳам ишлаб олиши мумкин эдику?! Тўғриси тушунарсиз қарор.

Кетиш керак бўлса



Агарда “Милан”дан буткул кетишдан бошқа чора қолмаса, танловда адашмаслик жуда муҳим. “Ньюкасл”га рад жавобини бериш орқали Кшиштоф ўз статусига мос жамоани кутаётганини маълум қилди. Бир қарашда поляк учун “Камп-Ноу” идеал танловдек кўринади. Суарес 33 ёшда ва жароҳатларга ўрлашиб қолган. Боз устига, унинг клуб билан тузган шартномаси тез орада ўз якунига етади. Шунга қарамай, унутмаслик керакки, Каталонияда Суаресга айланишда иккинчи Алкасер бўлиб қолиш хавфи мавжуд. Клуб фалсафасидан йироқ бўлган ҳужумчига Каталония ҳеч қачон ишонмайди. Муҳим учрашувларда эса, найзанинг учида Гризманн ёки Месси пайдо бўлишда давом этаверади.

“Манчестер Юнайтед” борасида ортиқча тўхталишга ҳам ҳожат йўқ. Бу ерда ҳам “Милан” сингари барчаси пала-партиш амалга оширилмоқда. Алекс Фергуссон тиклаб кетган империя ич-ичидан емирилиб бормоқда. Рэшфорднинг ўрнини эгаллаш эса, жуда мушкул. Сабаби, замонавий футболда у сингари универсал ҳужумчилар кўпи билан яна иккита топилиши мумкин. “Тоттенҳэм” эса, қолганлардан мустасно. Биричидан жамоа ҳужумчига жуда ҳам муҳтож. Иккинчидан, шимолий Лондонда гол киритиш учун имкон яратиб берувчиларнинг савияси “Милан”дагилардан анча баланд. Агар қаҳрамонимиз қария Жозенинг чиғириғидан ўтса, Сон, Моура, Алли сингари футболчилар ёрдамида янги даражага ҳам кўтарилиши ҳеч гап эмас.

Yahyoxo'ja Ulug'xo'jayevning telegram kanalidan olindi

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 11:58, 25.01.2020.
Ўқилди: 11285 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.