Ушбу рукнимиздаги энг сўнгги янгиликлар билан таништиришда давом этамиз.
“Арсенал”га ҳимоячи керак
Лондоннинг “Арсенал” жамоаси қишки трансферлар чоғида марказий ҳимоячи ҳарид қилишни режалаштирмоқда.
Таниқли журналист Никола Шира берган маълумотларига қараганда, “кононирлар” нишонида “Фламенго” ҳимоячиси Пабло Мари турибди.
Клуб селексия ҳизмати арзон, бироқ ишонч вариант топганига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. 26 ёшли ҳимоячининг трансфер қиймати 10 миллион еврони ташкил этмоқда.
Айни дамда ҳимоячи ўз агенти билан Лондонда тибиий кўрикдан ўтмоқда. Агар барчаси кўнгилдагидек ўтса, янги ҳафта бошида унинг трансфери расман эълон қилинади.
“Монако”дан кутилмаган қарор
Каталониянинг “Барселона” жамоаси қишки трансферлар чоғида Суареснинг ўрнини тўлдириш учун ҳужумчи излашда давом этмоқда.
“Footmercato” нашри берган хабарларга қараганда, жамоа “Монако” ҳужумчи Висам Бен Йеддерни ўз сафига қўшиб олишни режалаштирган экан, бироқ француз клуби ўз етакчисини қўйиб юборишдан бош тортган.
Eнг қизиғи шундаки, клуб Бен Йеддер учун “Барселона” томонидан 80 миллион евро таклиф қилинганини яшириб ўтирмаяпти. Ҳужумчининг ўзи “Барселона”га ўтишни истамоқда, бироқ мавсумнинг энг қизғин палласида “Монако” ўз снайперини ҳеч қаерга қўйиб юбормаслиги кундек равшанлашиб бормоқда.
Пёнтек “Милан”да қоладими?
Миланнинг “Милан” жамоаси ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтек қишки трансфер ойнаси чоғида ўз жамоасини ўзгартиши мумкин. Бу ҳақида Италиянинг бир нечта нашрлари маълум қилмоқда.
Куни кеча “россонери”лар ҳужумчиси учун Лондоннинг “Тоттенҳэм” жамоаси расмий таклиф билан чиқди. Манбанинг маълум қилишича, “шпорлар” Кшиштоф учун 30 миллион фунт стерлингдан воз кечишга тайёр эканликларини маълум қилишган. Бу сумма “Милан”ни юз фоиз қониқтирмоқда. Агар туманли албион вакиллари ҳужумчи билан шахсий шартнома борасида ҳам келишувга эришса, келаси ҳафта поляк Лондонга кўчиб ўтади.
“Бўрилар” етакчисини сотмоқчи
Англиянинг “Вулверҳемптон” клуби сафиадаги ўйинлари билан барчанинг эътиборига тушган Адама Траорега бир нечта клублар қизиқиш билдираётганидан хабарингиз бор.
“Тhe Mirror” нашри берган маълумотларга қараганда, “бўрилар” ўз етакчсини сотиб юборишга қарши эмас. Манбанинг маълум қилишича, “Вулверҳэмптон” жамоаси ёзда ўз футболчисини аукцион кўринишида пуллаш орқали катта даромад олмоқчи.
Айни дамда испаниялик футболчи учун “Барселона”, “Ливерпуль” ва “Рома” клубларидан таклифлар мавжуд. Клуб бу жамоаларнинг қай бири каттароқ пул таклиф қилса, Адамани ўша жамаога сотишга қарор қилди. Футболчининг ўзи АПЛда қолишни истамоқда, бироқ шахсий шартнома бандларига кўра, унинг янги жамаоси номини “Вулверҳэмптон” аниқлаб бериши лозим.
Бугунги кунга келиб, Трансфермаркет портали Траорени 28 миллион еврога баҳолаётган бўлсада, уни қўлга киритишни истаган клублар 50 миллион евро атрофида пул сарф этишлари лозим.
ЦСКА ҳужумчиси АПЛга ўтмайди
Москванинг ЦСКА жамоаси ҳужумчиси Фёдор Чалов қишки трансферлар чоғида туманли албионга йўл олиши ҳақидаги миш-мишларга барҳам берилди.
Британия нашрларининг хабар беришича, ҳужумчи борасида Лондоннинг бир йўла икки клуби “Вест Ҳем” ва “Челси” жамоалари музокаралар олиб борган бўлсада, “армиячилар”нинг “очкўзлиги” жараёнга якуний нуқтани қўйган.
Гап шундаки, клуб ўз ҳужумчисини аввалига ижарага беришдан бош тортган бўлса, кейинроқ 12 миллион евролик таклифни рад этган. ЦСКА Чаловнинг трансферидан 25 миллион евро ишлаб олишни режа қилган эди, бироқ АПЛ жамоалари 21 ёшли футболчи учун бу суммани тўлашни истамади. “Челси” Чалов учун 25 миллион евро тўлагандан кўра, Эдинсон Кавани учун 25 миллион евродан воз кечишни авзалроқ кўрди.