Stadion.uz Европа яшил майдонларида “ўз ёшига ярашмаган” ўйинларни кўрсатаётган футболчилар билан қисқача таништириб ўтади.
Яқиндагина 35 ёшни қарши олган Криштияну Роналду “Ювентус” жамоаси учун алмаштириб бўлмас футболчилардан бири саналади. Кўплаб афсоналар бутсаларини михга илган ёшда ҳам майдонда ўзини кўрсатишдан чарчамаётган Кришга қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Хўш, кўҳна қитъада Роналду сингари катта ёшда бўлишига қарамай савияли ҳаракат қилаётган яна кимларни биламиз?
Самир Ҳанданович
Барча бу нуқтада Буффони кўришни истаган бўлса, ажаб эмас. Тўғри, италиялик дарвозабон катта футболни тарк этгани йўқ, бироқ уни “Ювентус”нинг асосий дарвозабони дейиш нотўғри. Жижидан фарқли ўларо, ёзда 36 ёшни қаршилайдиган Самир Ҳанданович мукаммал ўйин кўрсатишда давом этмоқда. Айниқса, Контенинг келиши дарвозабондаги иккинчи нафас йўли очилишига туртки бўлди. Унинг майдондаги дадил ҳаракатларини кузатар экансиз, “Интер” жамоасига ҳавас қилмасликнинг иложи йўқ.
Санти Касорлa
Бу футболчи ҳар қандай мақтовларга лойиқ десак, адашмаган бўламиз. Катта футболдан оғир жароҳат сабабли 2 йилга четда қолиб кетишига қарамай, қаҳрамонимиз футболга қайтишни уддалади. 35 ёшли «Вильярреал» футболчиси оёқ терисининг зарарланиши ҳавфи бўлишига қарамай, яшил майдонга қайтиш учун таваккал қилди ва якунда жароҳатни мағлуб этди. Айни дамда унинг ҳисобида 8 та гол ва 5 та ассист мавжуд. Бу бутун “Ла Лига”даги энг яхши 6-кўрсатгич дегани!
Златан Ибраҳимович
Бундеслигадан ташқари барча кучли чемпионатларда тўп сурган Ибраҳимович учун ҳеч қандай чегараларнинг ўзи йўқ. У футбол оламининг эркатой фарзандларидан бири. 38 ёшга тўлган бўлсада, бутун бошли “Милан”ни қутқариш учун океан ортида етиб келди. Айни дамда унинг ҳисобида 2 та гол мавжуд эканлигини инобатга олсак, барчаси кўнгилдагидек кетмоқда.
Андреас Иньеста
Испания футболи афсонаси айни дамда 35 ёшда бўлишига қарамай, “Барселона” учун катта наф келтириши мумкин эди. Бежизга каталонияликларнинг янги устози уни ортга қайтаришга уруниб кўрмади. Япония клубига содиқлик намойиш этганча шартномасини тўлиқ ўтаб беришни авзал кўрган Иньеса учун Европа клубларининг эшиклари доиммо очиқ.
Тиаго Силва
ПСЖ жамоасининг рамзига айланиб бораётган Силва 35 ёшга кириб қолганини пайқамай ҳам қолганимиз рост. У шу қадар бир меёрда ўйин намойиш этиб келяптики, вақт ўтганини сезмай ҳам қолдик. Парижликлар сардори бугунги кунда дунё футболидаги энг тажрибали ва иқтидорли ҳимоячилардан бири бўлиб турибди. У борган сари Карлес Пуйол сингари мухлислар ҳурмати ва эътиборини қозонишда давом этмоқда.
Хоакин Санчес
Испаниялик футболчи Италиядаги омадли мавсумлардан сўнг, бутсаларини михга илиши таҳмин қилинган эди, бироқ у тўхташни истамади. Айни дамда “Бетис”да “жавлон ураётга” 38 ёшли ярим ҳимоячи ҳали ҳам футболга бўлган қизиқиши сўнмаганлигини айтишдан чарчамаяпти. Энг қизиғи шундаки, футболчи тез орада “Бетис” билан 2021 йилга қадар мўлжалланган шартномага имзо чекишга яқин турибди. Агар бу иш амалга ошса, Хоакин ҳам 40 ёшгача юқори савияда ўйнаган футболчилар сирасига кириши мумкин.