Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ўзбекистон ифтихори” Муроджон Аҳмадалиев, Баҳодир Жалолов ҳамда бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Алиёр Норалиев, Маҳмуд Ғойипов билан учрашув ташкил этилди. Унда ўқитувчилар, ходимлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Маълумки, бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари бугун дунёдаги кўплаб давлатларда бўлиб ўтаётган спорт мусобақаларида иштирок этиб, пешқадамликни қўлдан бермай келмоқда. Бунинг яққол мисолини жаҳон чемпионатларида эгалланган зафарли ютуқлар орқали кўриб турибмиз.
Хусусан, яқинда Америка Қўшма Штатларининг Майами шаҳрида профессионал бокс бўйича бўлиб ўтган мусобақада ҳамюртимиз — Муроджон Аҳмадалиев америкалик спротчи Даниель Романга қарши рингга кутарилиб, юксак маҳорат ва метин ирода билан ғалаба қозонди. Бу билан спортчимиз юртимиз бокс спорти тарихида илк маротаба “WBA” ва “IBF” йўналишларида рекорд натижа қайд этиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
Албатта, шу кунгача ўзбекистонлик боксчилардан Артур Григорян ва Руслан Чагаев сингари спортчиларимиз жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритган эди. Аммо, ўзбек боксчиларидан ҳали ҳеч ким бир йўла икки йўналишда чемпионлик камарини қўлга киритмаганди.
– Ютуқларимнинг барчаси онамнинг дуолари, устозларим берган таълим-тарбия маҳсулидир, – дейди “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Муроджон Аҳмадалиев. – Уларнинг менга кўрсатган эътиборлари ҳамда халқимизнинг билдирган ишончи орқали жаҳон чемпиони бўлдим.
Дарҳақиқат, спортчимизнинг кўрсатган жасорати нафақат ёшларга, балки келажак авлодларга ҳам катта бир ибрат мактабини ўтайди. Бунинг ёрқин мисоли Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Профессионал бокс бўйича жаҳон чемпиони Муроджон Ахмадалиевга йўлланган мактубда ҳам ўз аксини топган.
Унда “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби М.Аҳмадалиевнинг жаҳон чемпионатида эришган тарихий ғалабаси миллионлаб тенгдошларига ибрат экани, ўзбек бокс спорт турининг янги поғонага кўтарилгани ва бутун дунё ўзбек спортчиларига ҳавас кўзи билан қараётгани таъкидланди.
Албатта, мазкур ютуқлар замирида она диёримизда ёш авлод камолоти, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши учун яратиб берилаётган имкониятлар мужассам. 2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кутариши шубҳасиз.
Спортчилар билан дўстона мулоқотдан талаба-ёшлар ҳам бир олам куч ва таассуротларга эга бўлди. Айниқса, спортчиларимизнинг машаққатли меҳнати, матонати ва устозлар кўрсатмаси, меҳрибон ота-оналар дуолари ижобати борасидаги ҳаётий фикр-мулоҳозалар барчани фаолликка ундагаи билан фойдали бўлди.
Самимий ўтган учрашув якунида талабалар спортчиларимиз ҳаёти ва спортчилик фаолиятига доир саволларига жавоб олиб, “Ўзбекистон ифтихорлари” билан эсталик учун суратга тушишди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати