Футбол тарихида кўплаб катта камбэклар қайд этилган. Дейлик, агар Чемпионлар лигасида энг ёрқин камбэклар бешлиги тузиб чиқиладиган бўлса, иккита позицияни эгаллайдиган ягона клуб «Ливерпуль» бўлади.
Бири "Милан" билан финал ўйини. Иккинчиси "Барселона"га қарши уйдаги 4:0 ҳисоби.
Демак, «Ливерпуль»да қийин вазиятда, деворга тақалганда, йиқилиш арафасида турганда куч ва иродани ишлатиб юбориш хусусияти бор. Яъни, ҳаёт учун кураш инстинкти. Экстремал, ҳаёт учун хавфли вазиятларда инсон ўзининг яширин ва аввал сезилмаган қирраларини ишга солади.
Айтишингиз мумкин, 1:0 жуда унчалик экстремал вазият эмас деб. Ҳисобга қарасак, ҳа шундай. Аммо рақибга келсак... «Атлетико» Мадрид бу замонавий Крак де Шевалье қалъаси, яъни забт этиш қийин бўлган қўрғон. Айниқса, ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйнаганда. Диего Симеоне битта тўплик фарқни сақлаш масаласида дунёнинг энг кучли мутахассисларидан бири. Ҳимояланиш масаласида кучли тактик ва стратег.
Эшитишимизча, унга Пентагондан ҳам таклифлар бўлган (ҳазил албатта). Аммо уддаларди.
Симеоне учун 1:0 ҳисобидаги устунлик идеал муҳит. Бу вазиятда ўйинни қуритиб, темпни бузиб, рақибни кескинлик билан кутиб олиб, жарима атрофини текислаб ташлайди. «Ливерпуль» учун ўз уйи, яъни "Энфилд" майдони бегонага айланиши мумкин.
Бугун фаворит йўқ.
Бугун супертўқнашув бор!
Бугунги ўйин эртага тарихга айланади, жонли тарзда кўринг.
Очиғини айтганда, Юрген Клопп ва Диего Симеоне ўз йигитларига майдонга тушиш олдидан қандай эмоционал нутқ сўзлашини тасаввур қилсам этим жимирлаб, қизиқишим кўп карра ошмоқда. Бу ўйиндан чиройли, енгил, комбинацион футбол спектакли кутманг.
Жанг бўлади, гладиаторлар жанги, фақат бир жамоа жон сақлаб қолади.
00:50 UzReport Live.
Биргаликда кўрамиз.
Даврон Файзиев.