«Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Адам Лаллана 2019/20 йилги мавсум якунида жамоани тарк этади. Бу ҳақида «қизиллар» бош мураббийи Юрген Клопп маълум қилди.
«Адам жамоани тарк этиши барча учун тушунарли. Гарчи у ҳали кетмаган бўлса-да унга боғлиқ барча нарсани соғиняпман. Лаллана ажойиб ўйинчи, фаолиятим мобайнида у каби машғулотларга катта таъсир ўтказадиган футболчини кўрмаганман. У ақл бовар қилмас профессионал.
Келажакдаги фаолиятига омадлар тилайман. Менимча, Адам аллақачон бу жамоа афсонасига айланди. Энди у бошқа клубда ҳам ушбу мақомни қўлга киритиши мумкин», — дейди Клопп.
Лаллана 2014 йилда «Саутҳэмптон»дан «Ливерпуль» сафига ўтган. Сўнгги йилларда жароҳатлар қуршовида қолиб кетган футболчи мерсисайдликлар сафида 178 ўйин ўтказди ва 22 та гол урди.
Жорий мавсум рестартидан кейин 32 ёшли футболчи ҳали майдонга тушмади. Пандемиядан аввал Адам жамоанинг Премьер Лига ушбу мавсумидаги 15 ўйинида қатнашганди.