«ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе «Сент-Этьен»га қарши бўлиб ўтган Франция кубоги финалида жароҳат олди. Баҳснинг 27-дақиқасида Лоик Перрен франциялик футболчининг оёғига кескин ташланди.
Ҳакам Амори Делерю ҳимоячига дастлаб сариқ карточка кўрсатган эди. VAR билан маслаҳатлашгач, у ўз қарорини "қизил"га алмаштирди.
Мбаппе учрашувни давом эттира олмади, унинг ўрнига Пабло Сарабия туширилди.
Килиан тақдирлаш маросимига қўлтиқтаёқлар ёрдамида чиқиб келди ва у ерда Франция президенти Эммануэль Макрон билан суҳбатлашди.
– Аҳволинг қалай? – дея сўради президент.
– Озгина оғриқ бор.
– Нима деб ўйлайсан, оёғинг синмаганми?
– Менимча, йўқ.
– Шифохонага ётасанми?
– Ҳа, тақдирлаш маросимидан кейин, – деди Мбаппе.
Мбаппе бугун чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтганидан кейин унинг жароҳати қай даражада экани маълум бўлади. "ПСЖ" 31 июль куни Франция лига кубоги финали доирасида «Лион» билан тўқнаш келади. Шунингдек, парижликлар 12 август куни "Аталанта"га қарши Европа чемпионлар лигаси чорак финал босқичи доирасида майдонга чиқишади.