Маурицио Саррининг кутилган истеъфосидан сўнг Андреа Пирлонинг кутилмаганда бош жамоа бош мураббийлигига тайинланиши, назаримда, бир маромда кетаётган воқеалар ривожини сал бузиб қўйди.
Биринчидан, Пирлонинг келиши "Интер"га, хусусан, шахсан Контега босимни ошишига сабаб бўлиши мумкин. Бу мавсум маррага "Юве"дан бир очко ортда қолиб етиб келиши яхши натижа сифатида қабул қилинди. Кейинги мавсумда эса иккинчи ўрин "Интер" учун муваффақиятсизлик сифатида қабул қилинса, ажаб эмас. Сарри қолганида, ёки кучли, тажрибали мураббий келганида, Конте кейинги мавсумда ҳам, "Юве"нинг пойдевори кучли экани, таркибига урғу бериб, эски қўшиғини давом эттириши мумкин эди. Энди эса умуман тажрибасиз мураббийга титулни олдириб қўйиши, биринчи навбатда Контенинг ўзи учун оғриқли бўлиши катта эҳтимол.
Иккинчидан, Пирлонинг келиши "А Серия"нинг мусобақа сифатидаги обрўсига ҳам салбий таъсир қилиб қўйиши мумкин. "Ювентус" 3 йилда 3 бошқа-бошқа мураббий билан, боз устига, бундан аввал ҳатто ёшлар жамоасига ҳам мураббийлик қилиб кўрмаган Пирло билан ҳам Скудеттога эга чиқса, "А Серия"да чемпионлик учун рақобат умуман йўқ, демак, интригасиз мусобақа, деган хулоса чиқаришга асос бўлади. Бу ўз навбатида Италия чемпионатига нейтрал мухлис эътиборини жалб қилишни яна ҳам қийинлаштиради.
Учинчидан, "Рома", "Фиорентина" каби янги соҳиблари билан янги марраларга кўз тикмоқчи бўлиб турган клубларга, аксинча, бироз фойда бўлди. Энди Макс Аллегри ёки Маурисио Поччетино Туриндан қўнғироқ қилишларига умид қилишмайди ва юқорида айтилган клублардан бири таклиф қилса, рози бўлиши эҳтимоли ошди. Мана бугун "Рома" Поччетинога қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.
Кўрамиз. Келаси мавсум Италияда анча қизиқ бўладиганга ўхшаб қолди.
La Beneamata телеграм-канали.