36 ёшли швейцариялик ҳимоячи Штефан Лихтштайнер футболчилик фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
«Бир неча ҳафта ўйлаб кўрганимдан кейин мен ўйинчилик фаолиятимни якунлашга қарор қилдим. Ушбу видео орқали мен барчага миннатдорчилик билдирмоқчиман. Биз биргаликда босиб ўтган йўлдан фахрланаман. «Грассхоппер»дан бошлаб, «Лилль», «Лацио», «Ювентус», «Арсенал»да давом эттириб, «Аугсбург»да якунлангунча. Ва, албатта, терма жамоада ўтказган йилларим учун. Барчага катта раҳмат. Барчангизни севаман. Хайр!» — деди Лихтштайнер инстаграм орқали эълон қилинган видеомурожаатда.
Лихтштайнер фаолиятининг аксарият қисмини «Ювентус»да ўтказган. У Швейцария терма жамоаси сафида 108та ўйинда майдонга тушиб, 8та гол урди.