Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

«Эгасиз» ва кайфиятсиз қолган «Пахтакор»

Баҳо:
+2 | -

Таниқли футбол мутахассиси Нодирхўжа Йўлдошев "Пахтакор"нинг ҳозирги ҳолатига тўхталди.

Шота Арвеладзедан кейин ҳозирги «Пахтакор», домласи чиқиб кетгач талабаларга қараб туришга қўйиб кетилган «староста» қўлига қолиб кетган аудиторияга ўхшаб қолди. Минг қилса ҳам, минг ақилли бўлмасин, «староста» ҳам бу талаба, домла эмас.

Жамоа Шаржага келганига 15 кундан ошди. Клуб билан на директор, на техник, на спорт директори бор. Мансаб бўйича энг катталари бу маркетинг, матбуот. Бундан кейин жамоанинг молиявий ҳолати қандай бўлиши мавхум. Лекин бу клубни ўз ҳолига ташлаб қўйиш учун асос бўлмайди. «Пахтакор»да бир кун ундай, бир кун бундай бўлиб келган. Бу янгилик эмас, ҳар баҳор бўлар такрор. Ўзим 8 йил ишлаган бўлсам, ҳар 2-3 йилда бир катта қийинчиликка дуч келар эдик. Лекин чўкаётган кемадан тушиб қолишни биров ҳаёлига келтирмасди. Бу клубда ишлаб битта велосипед олмаганман. Лекин бу клубда ишлаб сўнгги уч йилда туваги тиллодан бўлди айрим инсонларни. Аммо қийин пайт келганда, улар йўқ.

Бошига Питердан ўпкаландим. Бош мураббий сифатида рулни қўлга оладиган даражада эмаслиги кўриниб турибди. Лекин ҳеч бўлмаса футболчиларни рухан қўллаб туриши керак бўлган кишиларни жамоада йўқлигида унинг айби йўқ. Оддийгина Сергеевни олайлик. У жамоадан кетмасди, агарки қўшимча сўраган маблағини беришганида. Оддий математика, Сергеев сўраган пул Турғунбоевнинг маоши ва унга берилиши керак бўлган трансфер суммасига деярли тенг. Турғунбоевдан фарқли равишда Игорни ОЧЛда ўйнатиб, керакли натижага эришиб олгач ками 500 минг АҚШ долларига сотиш мумкин эди.

Жамоа Ҳамробековни бериб юборгач, ўрнига мос ўйинчини топа олмади. Ҳеч бўлмаса «дубл»дан олиб чиқмади. «Олимпик»ка ўтган пахтакорчилар эса гуллаб-яшнаяпти. На ички ресурсдан, на ташқидан унумли фойдалана олмаган клубнинг ОЧЛдаги муваффақиятсизлигига аслида бўлиб ўтган сўнгги 4та ўйин сабаб эмас. Муаммо 2020 йил декабрь ойидан бошланди. Шота кетгани билан клуб қолдику? Стадион ҳамон ўша, ҳамма билган Ислом Каримов манзилида турибди. Қибрайдаги база осмонга учиб кетмади. Логотип ўзгариб қолмади. Нима учун эртага бари-бир кетамиз кайфияти билан ишлади клуб ходимлари, эртани кутишдан нима фойда, яна пул қайтиб қолса, Шота келиб қолади деган умид билан яшашми, бу? Келмасачи, кетиладими? Яхшиси ҳозир кетиш керак.

Дастлабки икки турдан кейин футболчилар билан мураббийдан ташқари ким гаплашди? Кеча Питернинг бир гапи ёқди, болаларни ўзига айтибди. Чиқа олмасак ҳам, кейинги 6 очко бизники бўлиши керак. Бу ерда шон шуҳрат эмас, ғурур учун ўйнаш керак бўлган иккита баҳс қолганини такидлаган. Бу олти очко эса 2022 йил «Навбаҳор», «Насаф», «Сўғдиёна», «Қўқон-1912» каби клублар учун кўпроқ керак. Айнан шу 6 очко ОЧЛдаги квоталаримиз сонини 2+2 кўринишга олиб келиши мумкин.

Бугун ўйин, бу постимни деярли барча футболчилар ўқийдилар. Шунга мен Сизларга мурожаат қиламан. Жуда кўпчиликнинг номидан. Биринчи гапим Сайфиевга. Ўзингни босиб ол, Фаррух! Бу ерда меҳмонсан. Қизиққонлик ўтмайди, ҳакам билан тортишаверма, кераги йўқ буни.

Анзур ва «Ега»! Айнан Сиз иккингиз эски тизим, яъни қийинчилик кўрган «Пахтакор» ҳавосини олгансизлар. Мана шу иккита ўйин, иккингизни зиммангизда бўлиши аниқ. Диёр ва Хожиматни қўлланг, ўз пайтида Сизга ҳам шундай қарашган. Ега, эсингдами Суюнов ва Комолиддин Тожиев Сенга қандай мехр беришган. Қайтарадиган пайт келди. Боянни ёдга олсангчи, майдонга чиққанда «ёрворарди». Бугун мана шундай Кримецни кўрайлик. Майли, чиқа олмасмиз гуруҳдан, лекин ҳақиқий Кримецни Ўзбекистон учун кўрайлик.

Қолганлар «Пахтакор» учун янги. Улар қийинчиликда фаолият олиб борган «Пахтакор»да тўп тепмаганлар. Лекин кўкрагингиздаги суратда «Пахтакор» логотипи турибди. Бу логотип ортида не-не машаққат бор. Самога сочилган юлдузлар, Красницкий деган жарангдор ном, Шквирин, Қосимов деган афсоналар. Аҳмедов ва Гейнрих деган катта фамилиялар.

Шунчаки бир нарсани инобатга олиб қўйсангиз бўлгани, «Пахтакор» мукофот пуллари учун ўйналадиган ёки ИШЛАЙДИГАН жамоа эмас. Шунинг учун, бугунги «жангда» бор иродангизни кўрсатинг, бунга қодирсиз. Рақибингиз автомат тутган аскар эмас, Сиздан кучли бўлмаган футболчилар холос", - дейди мутахассис ўз телеграм каналида.

Киритилди: 14:02, 26.04.2021.
Ўқилди: 9030 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.