Кириш Регистрация
02/07 00:00 Португалия 0-0 Словения
02/07 06:00 АҚШ 0-1 Уругвай
02/07 06:00 Боливия 1-3 Панама
02/07 21:00 Руминия 0-3 Нидерландия
03/07 00:00 Австрия 1-2 Туркия
03/07 06:00 Бразилия 1-1 Колумбия
03/07 06:00 Коста-Рика 2-1 Парагвай

«Барселона» Лионель Мессининг ҳурмати учун 10-рақамни муомаладан чиқарадими?

Баҳо:
+ | -

Лионель Месси «Барселона»ни тарк этди. У 21 йил давомида «Барселона» билан яшади. 10-рақам эса Лионель Мессининг «Барселона»даги имижининг муҳим бир қисми эди. 2008 йилда Роналдиньо клубдан кетганидан бери Лео ушбу рақам остида ўйнаб келарди.

«Месси фаолиятини тугатгач, бу яқин орада бўлмайди деб умид қиламан, «Барселона» 10-рақамга ҳеч ким тегмаслиги учун уни муомаладан чиқариши керак», — деганди бразилиялик афсонавий футболчи 2018 йилда The Sun нашрига берган интервьюсида.

«Барселона»да 10-рақамли футболкада бошқа бировни кўриш ғайриоддий бўлади, лекин буни четлаб ўтиш деярли иложсиз. Ла Лига қоидалари туфайли Мессининг қадрдон рақамини абадий сақлаб қолиш қийин.

Испан клубларининг Ла Лига учун қайдномаси 25 футболчидан иборат бўлиши керак. Ушбу футболчиларнинг ҳар бири 1 дан 25 гача бўлган рақамларни танлаши мумкин. Дарвозабонлар эса 1, 13 ёки 25-рақамларини танлай олади. Қолган рақамлар майдондаги ўйинчилар учун. Камдан кам ҳолатларда, академиядан эндигина келган футболчиларга 26 дан 50 гача бўлган рақамларни олишга рухсат берилади.

«Барселона» веб-сайтида ўйинчиларнинг рақамлари ҳам кўрсатилган. Биринчи жамоада ҳозир 24 футболчи бор. Фақат 10, 24 ва дарвозабонлар учун мўлжалланган 25-рақамлар (ҳозирда «Барселона»да икки нафар посбон бор — Марк Андре тер Штеген ва Нето) бўш. Шу билан бирга ўтган мавсумда асосий жамоага ўтган Оскар Мингеса ҳозирча 28-рақамда кўрсатилган. Катта эҳтимол билан ҳимоячи янги мавсумдан анча анъанавий рақамда ҳаракат қилса керак.

Жамоага янги келганлар эса қуйидаги рақамларни олган: Мемфис Депай — 9 (Мартин Брэйтуэйтнинг ўтган мавсумдаги рақами, даниялик ҳозир 12-рақамда), Серхио Агуэро — 19, ҳимоячи Эмерсон — 22, «Манчестер Сити»дан келган Эрик Гарсия эса ҳозирча рақамсиз.

Замонавий «Барселона» учун афсонавий ҳисобланган 6 ва 8-рақамли футболкалар ҳам ўз эгаларини топган — уларни Рикард Пуч (6) ва Миралем Пьянич (8) танлаган.

Хўш, 10-рақамнинг янги эгаси ким бўлади?

10-рақамни муомаладан чиқариш йўли ҳам бор, аммо бу жуда катта таваккалчилик бўлади. Агар бир ўйинчи мавсум қайдномасидан четлатилса, рақамни муомаладан чиқариш мумкин бўлади. Шунда қайдномада 24 нафар ўйинчи қолади, бўш қолган рақамни эса ишлатмаса ҳам бўлади. Худди шу ишни «Эспаньол» амалга оширганди, жамоа 2009 йилда фожиали тарзда вафот этган ҳимоячи Даниэль Харке хотираси учун 21-рақамни муомаладан олиб ташлаган.

Бу ҳолатда «Барселона» ҳар мавсумда қайдномада битта бўш жой билан қолиши керак бўлади. Бироқ рақобат даражаси ва потенциал жароҳатлар ҳисобга олинса, бу жуда катта хавфдир.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 07:00, 16.08.2021.
Ўқилди: 6050 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.