Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Бутун оилани йиғлатган гол ёхуд Яхшибоевнинг жамоадоши Тилль нима дейди?

Баҳо:
+ | -

ЕЧЛ гуруҳ раунди стартидан олдин ҳамма Молдова чемпиони - «Шериф»га нафақат «D» квартети, балки бутун турнирнинг бош аутсайдери сифатида қарагани - айни ҳақиқат. Амалда эса ҳаммаси бошқача тус оляпти. Ҳар ҳолда, тирасполликлар бирин-кетин «Шахтёр» ва «Реал»ни енгиб, шунчаки, очко улашувчи ёки «калтакланувчи бола» ролида эмасликларини тўлиқ исботлашди. Айниқса, Мадриддаги ғалаба завқли бўлди: «Сантьяго Бернабеу»да Жасур Яхшибоевнинг голи «Реал»ни нокдаунга учратган бўлса, «Тамбов» клубининг собиқ ярим ҳимоячиси Себастьян Тилль томонидан сўнгги лаҳзада йўлланган ажиб зарба нокаут эффектини берди. Люксембурглик футболчи championat.com сайти мухбирлари билан суҳбатда тарихий ғалабадан кейин жамоа кийиниш хонасида нималар рўй бергани ва омалшумул муваффақият сири ҳақида гапириб берди. У шунингдек, нидерландиялик Дирк Куйтнинг «Шериф»га ЧЛда нон йўқ» қабилида айтган хулосасига ҳам муносабат билдирди. «Табиийки, жамоа ғалабадан сармаст бўлди. Финал ҳуштаги янграгач, майдон бўйлаб қандай югурганимизни ҳамма кўргандир. Бу - сархушлик аломати, ажиб лаҳзалардан чинакамига завқландик. Ўйиндан ке­йин телефоним ёниб кетиш даражасига келди - дўстларим, яқинларим тинимсиз қўнғироқ қилиб, ғалаба билан қутлашди», - дея суҳбатни бошлади Тилль.

- Қизиқ, ўйин тугагач, «Реал» томонидан ҳам кимдир табрикладими?

- Йўқ, мадридликлар мағлубиятдан дарғазаб эдилар. Тўғри, ўйин давомида Модрич билан оз-моз гаплашдим, лекин фақат футбол ҳақида.

- Кийиниш хонасида бош мураббий нималар деди?

- Юрий Вернидуб майдонга тушишдан олдин йигитларни ўзгача руҳлантиришга уринди: «Шундай улкан стадионда «Реал» билан ўйнаш имконияти ҳар доим туғилавермайди. Марҳамат, майдонга тушиб, ўйиндан шунчаки, завқ олинглар». Мураббийнинг шу сўзлари ўлароқ, босимдан қутулдик ва бемалол энг яхши фазилатларимизни намойиш этдик, менимча. Ўйиндан кейин эса, Вернидуб ҳам ғоят мағрур ва бахтиёр эди.

- Билишимизча, чинакам футболчилар оиласида улғайгансиз. Яқинларингиз ҳал қилувчи голингиздан кейин қандай ҳолатга тушибдилар?

- Тушунарлики, акам, онам ва отам фахр туйғусини туйишган. Умуман, айтишларича, голдан кейин бутун оиламиз йиғлаб юборибди. Албатта, қувонч кўз ёшлари...

- Ўтган мавсум «Тамбов»да ўйнагандингиз. Ўша вақт «Сантьяго Бернабеу»да гол уриб, ғалабадан сармаст бўлишни тасаввурингизга сиғдира олармидингиз?

- Йўқ, албатта. «Шериф» сафига совринлар ютиш илинжида қўшилдим, яна ЧЛда ўйнаш учун ҳам. Лекин «Реал» дарвозасини сўнгги лаҳзада ишғол қилишни сира ўйлаган эмасдим.

- «Шахтёр» ва «Реал» синови ортда қолди, кейинги «ўлжа» «Интер»ми?

- Ўйиндан ўйинга кучайиб бор­япмиз, ўз кучимизга ишонч ҳисси ортяпти. Лекин миллий чемпионат доирасидаги ўйинларни ҳам унутмаслик керак. Демоқчиманки, бор эътибор ҳар бир кейинги ўйинга қаратилган. Албатта, «Интер»га қарши ўйинни ҳам вақти билан таҳлил қиламиз ва ғалабали одимни давом эттиришни истаймиз.

- Бош мураббий Мадриддаги ғалабадан сўнг «Интер» ҳақида бирор гап айтдими?

- Клуб раҳбарияти футболчиларга ҳеч қачон босим ўтказмайди. Мураббий ҳам «Ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишимиз шарт» қабилида гапирмайди. Албатта, ҳамиша ғалабани кўзлаймиз, аммо мавсумнинг ҳар бир ўйинида устун келиш мумкин эмас - бу ҳақиқатга мос келмайди. Шунчаки, майдонга тушгач, 100 фоиз куч билан ҳаракатланамиз, бор имкониятни ишга соламиз, бундан нима чиқишини эса ўйин кўрсатади.

- Юрий Вернидуб вақтида «Зенит» сардори сифатида майдонга тушган. У билан Россия ҳақида ҳам гаплашганмисиз?

- Йўқ, асосан «Шериф» ўйинларини муҳокама қиламиз. Баъзан Украина футболи ҳақида гаплашамиз, чунки у ерда укам ўйнамоқда. «Тамбов»да йўлларимиз кесишган Александр Карапетян билан эса Россияни эслаб турамиз. Умуман, «Тамбов»нинг кўплаб собиқ футболчиларидан қутлов келди. Бизда ҳаттоки, алоҳида чат гуруҳи бор, тез-тез мулоқотга киришамиз. «Тамбов» мухлислари, жамоа раҳбарлари ва ходимларидан бағоят миннатдорман. Шундай жамоанинг ёпилгани яхши бўлмади. Муҳими, клубда қанчадан-қанча дўстлар орттирдим, биз аҳил оила мисоли эдик.

- «Шериф»нинг таркиби «Реал»никидан нақ 64 баравар арзон экан. Муваффақият сири нима?

- Мураббий бир гапни тез-тез такрорлайди: «Майдонда пул ўйнамайди». «Шериф»даги ички муҳит ажойиб, барча йигитлар турли мамлакатлардан - катта байналминал оила. Юрий Вернидуб ҳамиша майдонда боримизни бериб ўйнашни сўрайди. Табиийки, ҳар доим максимал даражада шуғулланамиз. Футболда орзуларни рўёбга чиқариш йўли, муваффақият калити - айнан маш­ғулотлар. Ҳа, ўйинлар турлича кечади, эҳтимол, Мадридда бизга омад ҳам кулиб боққандир. Дейлик, дарвозабон қойилмақом ўйнади. Ўзи «Реал» каби жамоаларга қарши ўйинларда омадсиз иш битмайди. Тан оламан, мезбонлар вазиятлардан фойдаланишганида, бошқача ҳисоб қайд этиларди.

- Дирк Куйт «Шериф»га ЧЛда жой йўқлиги ҳақида баралла гапирганини эшитгандирсиз. Бу жамоага нисбатан ҳақорат эмасми?

- Ҳа, унинг гапларини эшитдим. Жамоамиз бош мураббийи ўз интервьюсида бунга яхши жавоб берди - йўлланмани қўлга киритдингизми, ЧЛда ўйнашга муносибсиз. Мана, стартдаги 2та ўйинда ғалаба қозондик. Умуман, Диркнинг сўзларига ҳақорат сифатида қарамаслик керак, аксинча, унинг фикри бизга қўшимча мотивация бўлди.

- Танангизда ЧЛ кубоги тасвири бор. «Шалпангқулоқ»ни ютиш ҳозир ҳақиқатдек туюляптими?

- Барча футболчилар болаликда ЧЛда ўйнаш ва зафар қучишни орзу қилишади. Жумладан, мен ҳам шундай орзу-умидлар билан улғайганман. Шунингдек, танамда Люксембург байроғи тасвирига ҳам жой ажратилган, чунки ҳамиша ўз мамлакатим учун ўйнашни хоҳлайман.

- Россия ҳақидаги таассуротларингиз қандай?

- «Тамбов»да ўйнаганимда, Саранск шаҳрида яшадим - ҳаво жуда совуқ эди. Умуман, Россиядаги барча стадионлар катта ва янги. Мухлислар ажойиб! Барчаси манзур бўлганди.

- Россия клубларининг еврокубокларда ғалаба қозониши қийин масала. Тўғри, «Спартак» ва «Зенит» клублари охирги турда ўз ҳолатини бироз яхшилаб олди, лекин... Муаммо нимада?

- РПЛ - катта лига, аммо Россия клублари айни пайт негадир ЧЛ ва ЕЛда муаммоларга дуч келмоқда. Билишимча, охирги йилларда мамлакатнинг бирор клуби яхшироқ натижа қайд этгани йўқ. Мухлислар ғазабини ҳам тўғри тушуниш керак, ахир жамоалар бой, аммо Европа мусобақаларида муносиб ўйин кўрсатолмаяпти.

- Агар Россиядан яхши таклиф тушса, ортга қайтармидингиз?

- Ҳозир «Шериф» билан шартномага эгаман. Бор эътиборим шу клубга  қаратилган. Аммо футболда воқеалар қандай ривожланишини ҳеч қачон билиб бўлмайди. Билганим - ҳозир «Шериф»да мутлақо бахтлиман.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 23:30, 07.10.2021.
Ўқилди: 3602 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.