Хабарингиз бор, кеча АПЛ навбатдаги тури доирасида «Ньюкасл» ўз майдонида «Тоттенхэм»ни қабул қилди. «Қарғалар» яқин орада шайхлар қўлига ўтгач, қизғин муҳокама майдонида бўлиб турибди. Бироқ кеча ушбу учрашув давомида яна бир воқеа содир бўлдики, у барчанинг диққатини ўзига қаратди.
Баҳснинг биринчи бўлими тугашига беш дақиқа қолган бир пайтда учрашувни тўхтатишга тўғри келди, бунга трибунадаги бир мухлиснинг бехосдан ҳушини йўқотгани сабаб бўлди.
Ушбу ҳодисага яқинроқ бўлган «Тоттенхэм» футболчилари вазиятни тезда англашди. Ҳимоячи Серхио Регилон дарҳол ҳакамга юзланди ва унга воқеа ҳақида айтиб берди, шундан сўнг эса ўйин тўхтатилди. Унинг жамоадоши Эрик Дайер эса зудлик билан захира ўриндиғига югурди ва ўз клуби шифокорларини ёрдамга чақирди.
«Ньюкасл» бош шифокори Поль Каттерсон дарҳол майдонга югурди. Натижада, мухлиснинг юрак хуружига учрагани тезда маълум бўлди.
Учрашув номаълум муддатга тўхтатилди, қўшимча шифокорлар дарҳол ёрдамга етиб келишди. Ушбу кичик тўхтатилиш биринчи бўлимнинг асосий вақти тугагунча давом этди, ҳакам таймга етти дақиқа вақт қўшиб берди, бироқ тез тиббий ёрдамга сарфланган вақт тўлиқ компенсация қилинмади. Жамоалар ечиниш хонасига жўнаб кетгач, иккинчи бўлим 20 дақиқа ўтганидан сўнг бошланди. «Ньюкасл» томошабинлари «Тоттенхэм» футболчиларини, айниқса Регилон ва Дайерни қарсаклар билан кутиб олишди.
«Мен мухлислардан бири ўзини ёмон ҳис қилаётганини, иккинчиси эса унга сунъий нафас бераётганини кўрдим», - дейди Регилон Sky Sportsга берган интервьюсида.
«Мен жуда асабийлашдим, ҳакамнинг ёнига бордим ва ўйинни тўхтатиш кераклигини айтдим. Мухлислар ҳам "Тўхтанг, тўхтатинг" деб бақиришарди», - дея ҳаяжонларини ифода этади Ҳарри Кейн. У «Ньюкасл» мухлисига ўзи ва шериклари номидан соғлик тилаб, ёрдамга ккелганларнинг барчасига миннатдорчилик билдирди.
Стадионда бўлган «Okko» мухбири Анастасия Романовскаянинг сўзларига кўра, бу одамни қутқариб қолишнинг деярли иложи йўқ деган тахминлар ҳам бор эди. Аммо кейин мухлиснинг аҳволи барқарорлашгани ва у ўзини касалхонада яхши ҳис этаётгани бутун стадион бўйлаб эълон қилинди. Бу ҳақда «Ньюкасл»нинг Твиттерида махсус пост ҳам пайдо бўлди.
Дарҳақиқат, ушбу воқеа фонида учрашув ценарийси иккинчи планга чиқиб қолмади. Ўйин бир қатор муҳим воқеликлари билан мухлисларни сўнгги сонияларгача диққат марказда ушлаб тургани бор гап. «Ньюкасл» биринчи бўлиб гол урди, бироқ кейинчалик рақибидан учта гол ўтказиб юборди. Ёдда қоларли воқеа сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, Харри Кейн АПЛда жорий мавсумдаги илк голини уришга муваффақ бўлди. Бунга нақ 8 та ўйин керак бўлди.
Англиялик футболчи қўшимчасига бир ассистни ҳам ўз ҳисобига ёздириб қўйган. «Ньюкасл» эса фарқни атиги яна биттага қисқартира олди холос. Стив Брюснинг 1000-учрашуви сифатида қайд этилган баҳс 2-3 кўринишида якунланди. Ушбу натижа энди унга клубнинг янги даврида мураббий сифатида қолишига ёрдам бериши даргумон.
Воқеаларни кузатишда давом этамиз.