Ушбу мавсумда бир неча жамоалар ўзининг аввалги даражасидагидек ўйин намойиш эта олмаяпти. Бунинг сабаби албатта авлодлар алмашинуви ва “мулла жиринг”нинг камлигига бориб тақалади. Аслида ушбу мавсум “Барселона” ва “Ювентус” каби ажойиб жамоаларни таниб бўлмаяпти. Уларда ҳам пул тугайди. Балки, уларнинг инқирозига икки буюк футболчи жамоани тарк этганини сабаб қилиб кўрсатиш мумкиндир. Лекин улар билан ўтказилган охирши мавсумда хам икки жамоанинг “ ошиғи олчи” эмасди.
"Ювентус"
Ўтган мавсум “Ювентус” учун омадсиз кечди – улар сўнгги дақиқада Чемпионлар лигаси йўлланмасини олишга муваффақ бўлишди. Бу эса кетма-кет тўққизта миллий чемпионликдан кейин кузатилган ҳолатдир. Раҳбарият янги бош мураббий Андреа Пирлонинг бошқарувини муваффақиятсиз деб ҳисоблаб, уни собиқ устози Массимо Аллегри билан алмаштирди, вақтида унинг қўл остида “кекса синьора” Италияда ҳам, Европада ҳам ажойиб ўйинлар намойиш этган. Бироқ, ўзгаришлар ёрдам бермади: А Сериянинг жорий мавсумида “оқ-қоралар” яхши натижа қайд эта олишмаяпти.
Вақти-вақти билан “Ювентус”нинг очко йўқотётганини инқироз дейиш балки хатодир, лекин бу умумий фонда яққол кўзга ташланиб қолмоқда. Буни Чемпионлар лигасида "Челси"дан учралган мағлубият (0:4) орқали яққол пайқаш мумкин. 29-ноябрь куни туринликлар чемпионатдаги бешинчи мағлубиятини қабул қилиб олган, ўша ўйинда улар ўз майдонида “Аталанта”га имкониятни бой берганди. Муваффақиятсиз 2020/21 йилги чемпионатда “Ювентус” 38 турда 6 та ўйинда мағлуб бўлганди, жорий мавсум 15 учрашувда 5 бор боши эгилган ҳолда майдонни тарк этишган. Бундан ташқари, Италия прокуратураси “кекса синьора” раҳбариятига жиддий айблов қойган. Президент Андреа Анеллининг истеъфога чиқиши ҳамда 2000 йиллардаги даҳшатли тушнинг такрорланиши - мажбурий қуйи лигага равона қилиш ва охирги икки скудеттодан маҳрум қилниши ҳақида матбуотда хабарлар тарқалмоқда.
“Барселона”
Икки жамоада ҳам инқироз параллел равишда бошланди. Каталон клубининг ушбу мавсумдаги аҳволига хавас қилиб бўлмайди. 15-турдан сўнг, "Барселона" ҳам чемпионатда сўнгги йиллардаги энг ёмон стартини қайд этиб, еттинчи ўринни эгаллаб турибди. Ёзда улар ўзининг “ўзга сайёра”лик футболчиси билан хайрлашди. Куман бундай қийин вазиятда жамоани қутқара олмагач, рахбарият унинг ўрнига Хавини олиб келди. Қийинчиликлар, шунингдек, оғир молиявий аҳвол туфайли жамоа 2001 йилдан бери биринчи марта Чемпионлар Лигаси плей-оффига чиқа олмаслик хавфида қолган. “Кўк-анорранглилар”нинг янги устози, тажрибасиз мутахассис олдида буюк клуб қиёфасини сақлаб қолишдек энг қийин вазифа турибди.
“Барселона”даги бир аҳвол туринликларга қараганда енгилроқ. Негаки, улар қуйи лигага равона бўлмайди. “Юве” эса шу томондан жар бўсағасида турибди. Лекин каталонияликлар Чемпионлар лигаси плей-оффидан мосиво бўлиши мумкин. “Ювентус” эса бу муаммони ҳал қилган.
Миржалол Пардабоев тайёрлади