Англия лига кубоги ва мамлакат кубоги баҳслари ҳам Премьер-лига ўйинларининг гавжум тақвимига учради. Бу ерда кураш олиб бораётган жамоалар асосан, ёшлар ва захирадаги футболчиларга ишонмоқда. Жумладан, «Ливерпуль» ҳам. «Қизиллар» чорак финал босқичигача етиб келди. Мерсисайдликлар қура натижасига кўра «Энфилд»да «Лестер»ни қабул қилишади. Ўйин бугун тунда старт олади. Дарвоқе, кейинги ҳафтада ушбу клублар чемпионат доирасида ҳам ўзаро баҳс олиб боришади.
Лига кубоги ҳар доим турнирларнинг энг нуфузлилари қаторида саналиши аниқ. Бошқа томондан, бу Премьер-лигада тез-тез ўйнамайдиган футболчилар учун ҳам қулай имкониятдир.
Чемпионатда «Ливерпуль» иккинчи, «Лестер» эса тўққизинчи ўриндан жой олган. Шу билан бирга, «тулкилар» коронавирус сабаб сўнгги икки турни ўтказиб юборишгани эсингизда бўлса керак. Жамоа ҳозир қандай формада эканлигини айтиш қийин.
Мавсум давомида Брендан Рожерснинг асосий шогирдлари аввалгидек, жамоага очко келтиришда давом этмоқда. Жамоа тўпурари 9 гол урган Жейми Варди ҳисобланади. Шунингдек, Жеймс Меддисон (4+3) ва Юри Тиелеманс (5+2) лар ҳам самарали натижа қайд этаётганликлари диққатга сазовор. Бироқ, бу футболчиларнинг Лига кубоги «Ливерпул»га қарши баҳсга йўл олишлари аниқ эмас.
Ушбу мусобақа учрашувлари натижаларини олдиндан тахмин қилиш осон эмас. Бунинг устига коронавируснинг янги тўлқини юзага келган бир вазиятда аниқ режаларни ишлаб чиқиш қийин бўлди. Ахир Премьер-лигада ўйинлар бошланиш вақтига икки соат қолганида ҳам бекор қилинганяпти.
Бугунги учрашувга Роберт Мадли бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси тайинланган.
Янгиликлар
«Ливерпуль» сафида Натаниель Филлипс, Дивок Ориги, Харви Эллиот ва Адрианлар жароҳат олишган. Эндрю Робертсон «Тоттенхэм»га қарши ўйинда тўғридан-тўғри қизил карточка олгани учун учта баҳсга дисквалификация қилинди. Коронавирус тести ижобий чиққани сабабли тўрт нафар футболчи ўз-ўзидан изоляцияга олинди – Виржил ван Дейк, Фабиньо, Тиаго Алкантара ва Кертис Жонс. Жордан Хендерсон эса шамоллаган.
«Мерсисайдликлар» таркибини олдиндан башорат қилиш қийин, чунки футболчилар ҳар куни қайтадан тестдан ўтказиляпти. Дарвозани дастлабки дақиқаларда Куивин Келлеҳер қўриқлаши эҳтимолга яқин. Ўнг томон ҳимояда Жо Гомес ва Неко Уилямсларнинг майдонга тушиш эҳтимоллари мавжуд. Чап ва марказий ҳимоячиларни эса танлаш бироз қийинроқ, чунки Робертсоннинг дисквалификацияси туфайли Костас Цимикас «Boxing Day»да уч кун ичида иккита ўйин ўтказиши керак ва уни хавфсиз сақлаш Клоппнинг катта вазифаларидан бири. Бу ерда катта эҳтимол билан ёшлар жамоасидан ўйинчилар чақирилади.
Майдон марказида кадрлар борасида жиддий муаммолар бор. Асосий таркиб аъзоси Алекс Окслейд-Чемберленга имкон берилиши кутиляпти. Қолган ўйинчилар иккинчи жамоадан танланади. Ҳужумда Роберто Фирмино Такуми Минамино ва ёшлардан кимдир, масалан, Кейд Гордонни кўришимиз мумкин.
«Лестер»да коронавирусга ижобий тест топширганлар ҳозирча йўқ. Бироқ, Жеймс Жастин, Чағлар Сюнджу, Жонни Эванс ва Уэсли Фофаналар жароҳат олган.