"Камп Ноу"да ўтаётган Европа чемпионлар Лигаси ярим финал жавоб учрашувининг биринчи бўлими якунланди. Ҳозирча "Барселона" 2:1 ҳисобида олдинда.
Исаак Куэнканинг 35-дақиқада чап қанотдан кўндаланг узатмасини дарвоза томон буриб қўйган Серхио Бусетс ҳисобни очган бўлса, 43-дақиқада худди шу қанотдан Месси-Иньеста комбинацияси иш берди ва Андреснинг ерлатиб узоқ бурчакка берган зарбасини Чех қайтара олмади.
37-дақиқада учрашувни бошқариб бораётган туркиялик ҳакам Жунайд Чақир Алексис Санчесга нисбатан қўполлиги учун "Челси" сардори Жон Террини майдондан четлади.
"Челси" Лондонда ўтган дастлабки учрашувдаги каби биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда гол урди. Қаши ҳужум натижасида Рамирес яхши позицияга чиқарилди ва Валдес билан яккама-якка чиқиб бориб, тўпни унинг устидан ошириб қўйди – 2:1.
Биринчи бўлимда ҳар икки жамоа таркибида мажбурий ўзгаришлар амалга оширилганини қайд этиб ўтиш жоиз. "Челси" тарокибида 12-дақиқада Кэҳилл ўрнига Босингва тушган бўлса, орадан яна 14 дақиқа ўтгач мезбонлардан Пике ўрнига Дани Алвеш майдонга туширилди.
БАРСЕЛОНА – ЧЕЛСИ 2:1 (2:1)
Голлар: Бускетс (35), Иньеста (43) – Рамирес (45+1)
Огоҳлантиришлар: Жон Оби Микель (32), Рамирес (44)
Четлатиш: Жон Терри (37)
"БАРСЕЛОНА": Вальдес, Пике (Алвеш, 26), Маскерано, Пуйол, Хави, Иньеста, Бускетс, Фабрегас, Куенка, Санчес, Месси.
"ЧЕЛСИ": Чех, Иванович, Кэҳилл(Босингва, 12) Терри, Коул, Мейрелеш, Рамриес, Лемпард, Мата, Микел, Дрогба.
Бош хакам: Жунайд Чақир (Туркия)