Бугун "Navruz cup-2022" халқаро ўртоқлик турнири мусобақасининг финал босқичи бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси угандалик футболчиларга қарши тўп тепишади. Иккала жамоа ҳам бу босқичга катта қийинчиликлар билан етиб келишди: Ўзбекистон Қирғизистон устидан иродали ғалабага эришган бўлса, Уганда тожиклар билан масалани пеналтилар сериясида ҳал қилди.
Ўйин соат 19:00 да Наманган шаҳридаги "Марказий" стадионда бошланади. Унда Уганда терма жамоаси ўзининг асосий либоси бўлмиш қизил рангли либосда, Ўзбекистонлик футболчилар эса оқ рангли либосда майдонга тушади. Дарвозабонимиз яшил рангли форма кияди.
Ўзбекистон ва Уганда ўртасидаги финал учрашувини бошқариш тожикистонлик ҳакамларга топширилди. Сайёджон Зайниддинов бош ҳакам вазифасини бажарса, унга қанотларда Вафо Караев ва Исмоил Нуралиев ёрдам беради. Захира ҳаками вазифаси эса Насрулло Кабировга юклатилган.
Наманган деганда футбол мухлисларининг кўз ўнгида мухлислар билан тўлиб-тошган майдон гавдаланади. Наманган майдонлари меҳмонлар учун доим қийинчилик туғдириб келган, чунки наманганлик мухлислар ҳар сафар ўз суюклилаларини юқори даражада қўллаб-қувватлашади, бу эса мезбонларга куч, меҳмонларга эса қийинчиликлар келтириб чиқаради.
Мазкур ўйинга чипталар барча секторлар учун бир хил нархда — 20.000 сўмдан сотилмоқда.
Ҳозирги кунда ФИФА рейтингида Уганда 84-поғонани банд этиб турган бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси ундан бир поғона пастда — 85-ўринда.
Эслатиб ўтамиз, бу кунга қадар жамоалар биронта расмий учрашувда ёки ўртоқлик ўйинида бир-бирига тўқнаш келишмаган.