Хабарингиз бор, шанба тонгида бокс бўйича Олимпиада ўйинлари ғолиби, Осиё ва жаҳон чемпиони, эндиликда профессионал боксда ҳам муваффақиятли одимлаётган ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов АҚШда ўзининг навбатдаги рейтинг жангини ўтказди. 8 раундлик жангда у бельгиялик Жек Муловайига қарши рингга кўтарилди ва рақибини сўнгги раундда нокаутга учратди. Бу Баҳодирнинг проф боксдаги 11-жангида қозонилган 11-ғалабаси сифатида тарихга кирди. Эътиборлиси, Жалолов барча жангларни муддатидан аввал нокаут билан якунламоқда.
Бугун ярим тунда енгилмас боксчимиз Баҳодир Жалолов Нью-Йоркдан қайтиб келди. Уни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон бокс ва профессионал бокс федерацияларининг масъул раҳбарлари, спортчининг яқинлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар тантанали равишда кутиб олишди.
Кутиб олиш маросимида ОАВ ходимларига интервью берар экан, Баҳодир Жалолов мана шундай ғалабалар орқали ўз рейтингини ошириб бориши ва тез орада оғир вазн тоифасида чемпионлик камари учун рингга кўтарилишдан умидвор эканлигини таъкидлади.
Спортни ривожлантириш вазирлиги яна бир бора Жалоловни қўлга киритилган ажойиб ғалабаси билан муборакбод этади.