Бензема-Винисиус тандеми Европадаги энг яхши жуфтликларидан бири ҳисобланади. Якунланган мавсум бу икки футболчи бир-бирини тушуниш борасида катта ютуққа эришди ва "Реал Мадрид"га Ла Лига олтин медаллари ва Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритишда катта ёрдам берди.
Ўтган мавсумда Винисиус кўпроқ Бенземанинг голли узатмасидан, Карим эса мос равишда бразилияликнинг пасларидан гол урган. Карло Анчелотти қўл остида икки футболчи ҳам ўзларининг кучли томонларини кўрсатишди ва бир-бирини керакли пайтда ажойиб тарзда қўллаб-қувватлашди. Бензема кўпинча “ёлғон тўққизлик” позициясида ўйнади. У майдон марказига ўтади ва жарима майдончасида бирданига очилади. Винисиус эса шеригининг ажойиб ҳаракатларидан фойдаланиб, унга бетакрор пас беради. Ҳа, ҳозирда бу мукаммал ишлайдиган механизм, Европада уларнинг тенги йўқ, лекин ҳар доим ҳам шундай эмас эди.
2020/21 йилги мавсум Винисиус учун жуда оғир бошланди. Форвард жиддий жароҳат сабаб 7 ойни майдон ташқарисида ўтказиб юборди ва жамоага яхши мослаша олмади. Тажрибали футболчиларнинг ўйинига асосланган "Реал Мадрид" тизимида ёш вингер ўзини топиши жуда қийин кечди. Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 2-тури доирасидаги “Боруссия М”га қарши кечган баҳснинг биринчи бўлим жуда у учун омадсиз бўлди. Вини умуман ўз ўйинини намойиш эта олмади. У кўп ҳолларда тўпни йўқотди, шерикларининг ҳаракатини тушунмади. Қисқаси, Жуниор ўйин давомида кўп бора “қовун тушурди”.
Иккинчи бўлим бошланиши арафасида Бенземанинг ҳимоячи Ферлан Менди билан суҳбатни камерага тушиб қолди.
“Ферлан, у билан ўйнаманг. Онамнинг ҳаётига қасам ичаман, Винисиус бизга қарши ўйнаяпти. У керакли пайтда узатма бермаяпти ва ўзининг алдамчи ҳаракатлари билан бизни қийин аҳволга солиб қўймоқда”, — деди Карим ватандошига. Бу суҳбат тезда оммага маълум бўлди ва мутахассислар тезда бир қизиқ факт билан бўлишди. Иккинчи бўлимда Карим Винисиусга бирорта ҳам пас бермади.
"Ит ҳурар, “тўққизинчи” рақам ўтаверар", — деди Бензема бу миш-мишларга. Бир неча кундан кейин АS газетаси Карим Винисиус билан масалани ҳал қилиш учун учрашгани ҳақида ёзди.
Бензема тажрибали етакчилардек ҳаракат қилди. У Винисиусда улкан истеъдод борлигини тезда тушунди. Уни фақат тўғри йўналишга йўналтириш ва майдонда ўзини йўқотиб қўймаслиги учун ёрдам бериш кераклигини англади. Кейинчалик, Испания матбуоти ўйинлар давомида Карим ёш жамоадошига бир неча бор далда бериб, унга яхши маслаҳатлар бергани ҳақида маълум қилишни бошлади. Бу тезда ўз самарасини бермади, лекин бразилиялик ҳужумчи аста-секин ўсиб борди. 2021/22 йилги мавсумда улар ўртасидаги ўзаро тушуниш даражаси юқори даражага етди.
Бензема 2022 йилнинг январида Вини ҳақида шундай деди: “Ҳозирда Винисиус аввалгидек эмас. Мен унинг кўпроқ нарсага қодир эканлигини билардим. Майдонда унга кўп нарсаларни, айниқса, дарвозага 20 метр қолганда қандай ҳаракат қилиш кераклигини ўргатдим. Илгари мен ҳеч кимга бундай нарсаларни тушунтиришга мажбур бўлмаганман, аксинча, ўзим ҳам ёши катта футболчилар билан ўйнаганман ва улардан кўп нарса ўрганишга мажбур бўлганман. Винисиус ҳам ҳозирда шундай қилмоқда ва мен унга ёрдам беришда давом этаман”.
Бунга жавобан Винисиус шундай деди: “Бензема - ажойиб инсон ва ажойиб футболчи, у менга майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам ёрдам бериш учун ҳамма нарсани қилади. У билан ўйнаш – ҳар қандай футболчи учун орзу. Мен унга ўхшаганларни фақат видео ўйинларда кўрганман. У бошиданоқ менга ишонди ва мени қўллаб-қувватлади. Биз бир-биримизнинг ўзаро тушуниш даражасини идеал даражага етказишга ҳаракат қилмоқдамиз”.
Криштиану Роналдунинг кетиши ва унинг ўрнини эгаллаган Азарнинг жароҳатларидан сўнг, "Реал" ҳужумдаги ўйин сифатида, орқага кетадигандек туюлди. Аммо 34 ёшли Бензема ва 21 ёшли Винисиус майдонда умумий тил топишди ва "Реал Мадрид"га Европа футболининг энг юқори поғонасида қолишга ёрдам берди. Якунига етган мавсум улар Мадридга Чемпионлар лигасининг навбатдаги кубогини олиб келишди. Аммо, шуни ҳам таъкидлаш керакки, кўпчилик мутахассислар “Реал”нинг ЕЧЛдаги 14-ғалабасига умуман ишонишмаган эди. Бироқ, Анчелотти бошчилигидаги клуб буни қанчалар нотўғри эканлигини амалда исботлади.