Ўзбекистон Суперлига 10-туридан ўрин олган “Олимпик” – “Навбаҳор” (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Тимур Кападзе қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди. “Олимпиячилар” устози ўз сўзини одатдагидек ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Албатта, ўйин яхши бўлди. Мухлислар яхши даражадаги футбол кўришди. Менимча, шогирдларим бугун ғалабага лойиқ эди. Нафақат бугун, умуман олганда ҳам йигитларим ҳар бир баҳсда яхши ҳаракат қилишмоқда. Вазиятлардан фойдаланиш борасида баъзи вазиятларда ёшлик қилишяпти. Буни ҳам тушунаман. Бу тажриба билан боғлиқ. Энг муҳими ҳар бир ўйинда ўзимизга керакли нарсани оляпмиз. Йигитлар ҳар бир ўйинда тажриба тўплашмоқда, ўсишмоқда. Бу албатта қувонарли нарса. “Навбаҳор” ҳам кучли жамоа. Буни ҳамма билиб турибди. Гранд жамоаларга қарши кечадиган беллашувлар футболчиларимизни текшириб олиш учун яхши имконият ҳисобланади. Бугун ҳар бир вазиятда йигитлар яхши ҳаракат қилишди.
- “Олимпик” деярли барча грандлардан очко олишни уддалаяпти. Бу иштиёқ билан боғлиқми?
- Албатта, бундай жамоаларга қарши бўладиган ўйинларда шогирдларимга ортиқча мотивация бериш ҳам шарт эмас. Йигитлар ҳам бу жамоалар қандай кучга эга эканликларини яхши билишади. Нисбатан пастдаги жамоалар ҳимоявий ўйин кўрсатишади ва иккинчи рақамда ўйнашади. Шу сабаб ҳам уларга қарши қийналамиз. Бизга эса очиқ футбол қулай. Ўйинчиларимизнинг тезлиги юқори. Шунинг учун ҳам кўриб турганингиздек чиройли ўйинлар кузатилмоқда.
- U-23 Осиё кубогида порлаган Русланбек Жияновда қандайдир пасайиш сезилмаяптими?
- Унда озгина жароҳат бор. Ушбу жароҳат унга юз фоиз куч билан ҳаракат қилишга қаршилик кўрсатмоқда. Ушбу жароҳатга қарамай, Русланбек яхши югура оляпти. Тез орада у яхши ҳаракат қилишни бошлайди. Унинг имкониятини яхши биламиз.
- “Олимпик” бугун икки очко йўқотдими?
- Фикримча, бизда имкониятлар кўпроқ бўлди. Ўткир Юсупов бекорга миллий терма жамоага чақирилмаяпти. Бир неча вазиятларда айнан у жамоасини қутқарди. Менимча, бизда бугун вазиятлар кўп бўлди. Имкониятдан фойдаланмаганимиз сабабли, дуранг қайд этдик. Гол урганимизда балки ғалаба қозонардик. Энг асосийси йигитларим бугун ажойиб ўйин кўрсатишди.
- Жасур Жалолиддинов ва Ҳожимат Эркинов каби ўйинчиларнинг “Олимпик”да тўп суришига қандай қарайсиз? Бу фойдали бўлармиди ёки аксинча?
- Бу ҳолатга икки тарафдан қараш керак. Тактик ва кўп тарафдан бу фойдали бўларди. Бу футболчилар терма жамоага келганларидан сўнг уларни терма жамоага мослашиши учун бироз вақт керак бўляпти. Улар ўз жамоаларида ҳар хил мураббий қўлида ўйнайди ва талаблар бошқача бўлади. Лекин, уларнинг бошқа жамоаларда ўйнашлари ҳам қайсидир тарафдан яхши. Бу “Олимпик”даги бошқа футболчиларга имконият яратади. Терма жамоа фақат 11 кишидан иборат эмас. Ҳар хил вазиятлар бор. Жароҳат, четлатиш ва яна бошқа ҳолатлар. Айнан шундай вазиятда захира керак бўлади. Уларнинг ўз жамоаларида асосий таркибда ўйнаганлари яхши. Мен эса “Олимпик”да бошқа йигитларга имконият бериб, уларни ҳам ўсишларига шароит яратиб беряпман. Терма жамоада энг кучли ўйинчилар майдонга тушишади.
-Пеп Гвардиола Кевин де Брюйнега майдонда ўзи истаган вазифани бажариш, истаган жойда ҳаракат қилиш имкониятини бергани ҳақида гапирди. Бугун Пўлатхўжа Холдорхонов деярли шунга ўхшаш ҳаракат қилди ва ўйин охирига бориб бироз чарчаб қолгандек таассурот қолдирди. Бунга қандай муносабатдасиз?
- Гвардиола де Брюйнега қандай имтиёзлар берган билмадим. Кевин де Брюйнедек футболчи майдонда нима қилишини аниқ билгани учун балки унга шундай имконият яратилгандир. Сабаби, де Брюйне жуда ақлли футболчи. Позиция танлашда, тўп билан ишлашда жуда зўр ҳаракат қилади. Пўлатхўжа ҳам бугун жуда ажойиб ҳаракат қилди. Жамоа учун фойдали ўйнади. Бунинг умуман ёмон тарафи йўқ. Мен футболчиларга тўпсиз ва тўп билан қандай ҳаракат қилишни тушунтириб боряпман. Улар турли хил вазиятларда қандай ҳаракат қилишни билишлари керак. Биз ҳар бир учрашувдан сўнг ҳар бир вазиятни муҳокама қиламиз. Пўлатхўжа бугун яхши ўйин кўрсатди. Энг муҳими жамоага фойдали ўйинчи бўлиш.
- “Олимпик” биринчи даврани 8-ўринда якунлади. Жамоа фақатгина уч марта мағлуб бўлди. Умуман биринчи даврадан қанчалик кўнглингиз тўлди?
- Балки камроқ дуранглар қайд этганимизда, биз саккизинчи ўринда эмас, юқорироқда бўлардик. Дурангларнинг 70-80 фоиз қисми ғалабали ўйинлар эди. Менинг асосий вазифам футболчиларнинг ўсиши. Албатта, хатоларсиз ўсиш бўлмайди. Йигитлар чемпионат бошидан бери анча ўсишди. Шогирдларим аввал йўл қўйган хатоларини такрорлашмаяпти. Мени қувонтирган жиҳати, ўша айтганимдек, чемпионатнинг боши ва ҳозирги пайтни солиштирганда анча ўсишга эришганимиз. Ўйлайманки, иккинчи даврада бунданда яхши ўйин кўрсатамиз.
- Бу йилги Суперлига ўйинлари ўзгача кечмоқда. “Олимпик” чемпионлик курашига ҳам таъсир ўтказмоқда. Иккинчи даврада ҳам кучли жамоалардан очко олишга ишонасизми?
- Ўйлайманки, агар иккинчи даврада бунданда яхши ўйин кўрсатсак, бизда имконият бўлади. Жадвалда ҳам барча жамоалар зич жойлашган. Деярли ҳаммада имконият бор. Бу чемпионатнинг қизиқ ўтаётганидан далолат. Иккинчи даврада қайси жамоа яхши ўйин кўрсатса, албатта шунга яраша ўринга жойлашади. “Олимпик” албатта чемпионлик курашига таъсир ўтказишга ҳаракат қилади. Кўраётганингиздек, кўрсатаётган ўйинимиз мухлисларга ёқяпти. “Олимпик” қайсидир маънода чемпионатга файз олиб киряпти.