Тухель "Челси"дан кейин қаерга ғойиб бўлди?
“Бу мен айтган энг қийин баёнотлардан бири. Ва бу каби баёнотни мен узоқ йиллар давомида айтмасликка умид қилгандим. “Челси”даги фаолиятим якунланганидан хафаман”, деб бошлаганди Томас Тухель хайрлашув мактубини.
Томаснинг баёнотида кутилмаган ва таъсирли ишора бор эди: немис мутахассиси Твиттерга аввал икки йилдан ортиқ ёзмаган мактубини жойлаштирди. У ўз профилидаги паролни эслади ва ниҳоят "Челси" мухлисларига тегиштириб пост жойлаштирди.
Томас Тухель қарийб икки ойдан бери ишсиз ва узоқ вақтдан бери ундан хабар йўқ. Келинг, у қаерга ғойиб бўлганини ва келажакда Томасдан нимани кутиш кераклигини кўриб чиқайлик.
Қаерда яшамоқда?
Буюк Британияда.
Тухелнинг "Челси" билан биринчи шартномаси бир ярим йилга тузилган эди. Мураббий матбуот анжуманларида уй қидиришнинг маъноси йўқлигини тан олганди, у Лондондаги келажагига тўлиқ ишонмаган эди. Шу боис, Томас мураббийлар штаби билан Лондон меҳмонхоналаридан бирида яшаган. Бироқ, 2021 йилнинг ёзида, Чемпионлар лигасида ғалаба қозонганидан сўнг Кобхэм яқинидан уй олди ва оиласини у ерга кўчирди. Томас икки қизини хусусий мактабга жойлаштирди.
Европа Иттифоқи фуқаролари ушбу қитъада муқим яшашлари учун иишлаши тўғрисида рухсатномага эга бўлиши керак. Томас «Челси»даги ишини йўқотиши билан, визасини янгилаш имкониятидан маҳрум бўлди. Унинг жорий иши 7 декабрда якунланади.
Тухель кузда Ҳиндистонга отланди. Нима учун?
Октябрь ойи бошида ҳиндистонлик “Челси” мухлислари Твиттерда Томас Тухелнинг суратлари билан тўлиб кетди. Маълум бўлишича, немис бу ерга тиббий таътил учун келган.
Бироқ айрим манбаларда Тухель кўп ичар экан, унчалик ҳам овқат емайди ва у гиёҳвандликдан халос бўлиш учун Ҳиндистонга кетди деган миш-мишлар тарқалди.
Аммо Тухелнинг ўзи бу хабарларни рад этди.
“Кўпчилик мени вегетариан деб ўйлайди. Аслида ҳам мен шундай бўлишга жуда кўп ҳаракат қиламан, лекин бу ҳар доим ҳам иш беравермайди. Агар олдимда яхши пица ёки бир товоқ спагетти бўлса, баъзида ўз принципларимни унутиб қўяман. Аммо бу камдан-кам ҳолларда бўлади! Агар биз “Тоттенхэм”га қарши ўйинда ғалаба қозонсак, мен жин-тоник сотиб олишим мумкин. Мен пиво ёки винонинг мухлиси эмасман ва умуман олганда, сўнгги йилларда спиртли ичимликларни истеъмол қилишим деярли нолга камайди", — дейди немис мутахассиси.
Хўш, у Ҳиндистонда нима қиляпти? Маълум бўлишича, Томас узоқ вақтдан бери аюрведа терапиясини синаб кўрмоқчи бўлган:
“Мен бунга қизиқиб қолдим. Менинг ёрдамчиларимдан бири олти йил олдин шу ерда даволанганди. У менга бу жой ҳақида кўп яхши нарсаларни айтди. Мен ҳар доим аюрведа тамойилларидан хабардор бўлганман. Узоқ муддатли мураббийликдан сўнг, танаффус қилиш имконияти туғилди ва мен бу ерга келдим. Тажриба ажойиб бўлди. Мен ўзимни бақувват ва хотиржам ҳис қиляпман. Мен буни тана ва онгни тартибга солмоқчи бўлган ҳар бир кишига тавсия қиламан".
Аюрведа қаришга қарши терапия бўлиб, Ҳиндистон аҳолисининг қарийб 80 фоизи ундан фойдаланади. У турли хил массажлар, парҳезлар, ўсимлик мойлари ва дори-дармонларни (қадимги ҳинд кимёгарлари томонидан ихтиро қилинган) ўз ичига олади. Замонавий тиббиёт аюрведани сохта фан сифатида белгилайди.
Тучель нимани кутмоқда?
Ижтимоий тармоқларда маълум бўлишича, 30 октябрь куни Тухель Ҳиндистонни тарк этиб, Лондонга қайтиб келди. Унда нима қилиш кераклигини ҳал қилиш учун бир ойдан сал кўпроқ вақт бор.
The Telegrаph мухбири Мэтт Лоунинг айтишича, Томас Англия терма жамоасини бошқаришга тайёр. Саутгейтнинг шартномаси 2024 йилгача мўлжалланган, аммо терма жамоанинг сўнгги натижалари жаҳон чемпионатидан сўнг Гарет ўз лавозимини тарк этиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Тухель 49 ёшда ва у ҳали клуб футболида ўзини энг яхши кўрсатишга улгурмаган кўринади.
Энг яқин вариантлардан иккитаси: "Бавария" ва "Реал Мадрид" клубларидир. Вақти-вақти билан Мюнхен раҳбарияти Нагелсманндан унчалик мамнун эмаслиги ҳақида миш-мишлар юрибди.
Мадрид варианти эса қийинроқ. Анчелоттининг клуб билан шартномаси 2024 йилнинг июнига қадар амал қилади. Италиялик мураббий "Реал" билан келишув тугаганидан кейин фаолиятини якунлашни режалаштираётганини айтди. Хўш, Тухель шунча вақт кута оладими?
Ҳар ҳолда, ҳозир Томас ҳақиқатан ҳам футболдан танаффус олишни истаяпти: "Баъзи клублар менинг агентимга қўнғироқ қилишди, лекин биз улар мени Хиндистондалигимда 18 кун давомида безовта қилмаслиги бўйича келишиб олдик", дейди мураббий.
Унинг қачон футболга қайтиши ҳозирча номаълум.