Мавсум ортда қолгач, молиявий ҳисоблаш машиналари ишга тушади. Клублар ўзлари эгаллаган позициядан келиб чиқиб, соврин жамғармасини қабул қилиб олади. Ўтган мавсумдаги ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда, бу сафарги соврин пулларини ҳисоблаб чиқдик. АПЛнинг ҳар бир клуби турнир қатнашчиси сифатида тахминан 2.2 миллион фунтга эга бўлади. Кейин эса қўшимча даромадлар тақдим этилади. Бонусларнинг катта қисми йилдан йилга ўсиб бораётган транслация ҳуқуқидан келади. АПЛдаги айланадиган пул, Европанинг қолган ички чемпионатларидан катта фарқ қилади. Туманли Албионда, ҳаттоки, Чемпионшипга йўл олувчи клублар ҳам 100 миллион фунтдан кўпроқ бонус олади. Шунингдек, уларга АПЛ уч йил давомида кам-камдан қўшимча тўловларни қилиб боради.
"Арсенал", "МЮ" ва "Ньюкасл" ЕЧЛга қайтди. Шу асосида бу клублар 150 миллион фунтдан ортиқ пул олади. Шунингдек, ЕЧЛ ушбу жамоаларга ёзда катта трансфер қилиш учун имконият беради. Ўз клубини Европанинг энг нуфузли турнирига олиб чиққан Эдди Хау бу ҳақида шундай деганди: "ЕЧЛдаги жамоалар даражасини кўриб, олдимизда нечоғлик катта машаққат турганини ҳис қиляпмиз. Биз у ерда шунчаки тажриба орттирмоқчи эмасмиз. Биз рақиблар учун кураш таклиф этамиз. Олдиндан ҳеч нарсани айта олмайман. Аммо жамоамни юқори марраларда кўрмоқчиман. Ҳар бир турнирга жиддий ёндошамиз".
"Ливерпуль" ва "Брайтон" кейинги мавсумда ЕЛда иштирок этади. Шунга қарамай, бу клублар ҳам АПЛдан 150 миллион фунт қабул қилиб олади. "Астон Вилла" Конференсиялар лигасида узоқ йиллардан бери илк марта еврокубоклар таъмини тотиб кўради. Соврин жамғармаси борасида энг катта йўқотиш "Челси"да рўй беради. Жамоа 12 ўринга тушиб кетгани сабабли 28 миллион фунт йўқотадиган бўлди.
Қуйида АПЛнинг ҳар бир клуби 2022-23 йилдаги иштироки учун қанча пул олиши тақдим этилган:
1. "Манчестер Сити" – 161.3 миллион фунт
2. "Арсенал" – 159.8 миллион фунт
3. "МЮ" – 152.1 миллион фунт
4. "Ньюкасл" – 151.7 миллион фунт
5. "Ливерпуль" – 151.6 миллион фунт
6. "Брайтон" – 150.2 миллион фунт
7. "Астон Вилла" – 142.1 миллион фунт
8. "Тоттенхэм" – 134.0 миллион фунт
9. "Брентфорд" – 131.5 миллион фунт
10. "Фулхэм" – 130.6 миллион фунт
11. "Кристал Пэлас" – 128.2 миллион фунт
12. "Челси" – 124.3 миллион фунт
13. "Вулвз" – 123.3 миллион фунт
14. "Вест Хэм" – 121.0 миллион фунт
15. "Борнмут" – 120.4 миллион фунт
16. "Ноттингем" – 116.1 миллион фунт
17. "Эвертон" – 113.3 миллион фунт
18. "Лестер" – 106.1 миллион фунт
19. "Лидс" – 104.6 миллион фунт
20. "Саутгемптон" – 100.3 миллион фунт
ИСМАТОВ Ж.