Ўз авлодининг энг буюк футболчиларидан бири саналган Тьерри Aнри ҳар доим катта иштиёқ, саргузаштларга бой ва ғалабага чанқоқлик билан ўйнаган.
Aфсонавий ҳужумчи энди Париж-2024 Олимпиадасида Франция терма жамоасини бошқаради ва ФИФA расмий сайтига ўзининг мақсади, босим ҳамда футбол фалсафаси ҳақида гапириб берди.
- Париж-2024 Олимпиадасига 4 ойдан камроқ вақт қолганини ҳисобга олсак, мамлакатда босим кучайиб бораётганини ҳис қиляпсизми?
- Тўғриси, иштиёқ жуда катта. Босимга келсак, ҳа, Франциянинг сўнгги йилларда қилган ишлари туфайли бор. Шундай экан, сиз футболка кийган пайтдан бошлаб босим мавжуд. Сиз ўз мамлакатингиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга масъулсиз. Ҳозирги вазиятни тушуниш учун вақт керак эди. Жаҳон чемпионатига чиққанимиздан хурсанд бўлганимиз 1978 йил, финалда пенальтилар сериясида мағлуб бўлганимиздан ҳафсаламиз пир бўлган 2022 йил ортда қолди. Демак, биз узоқ йўлни босиб ўтдик ва энди ғалаба қозонишга ҳаракат қилишимиз керак.
- Бир неча ҳафта олдин «Париж-2024»да мақсадингиз олтин медаль эканлигини айтдингиз...
- Ҳа тўғри, лекин бу ғалаба қозонамиз дегани эмас. Сиз тасаввур қилган нарсангиз ва охир-оқибат нима қилишингиз ўртасида катта бир йўл бор. Ана шу йўлингизни тўсиб қўядиган жамоалар борлигини билиб оласиз, бу эса сизга керакли жойга боришингизга тўсқинлик қилиши мумкин. Лекин менимча, бир нуқтада ниманидир тасаввур қилишингиз керак. Aгар йўқ бўлса, нимага эришмоқчисиз? Қаерга бормоқчисиз? Ва ўйинчиларингиз қандай фикрда бўлишини хоҳлайсиз? Францияда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида терма жамоамиз иштирок этади. Бу яхши. Хўш, кейинчи? Сиз ғалаба қозонмоқчимисиз? Бунга умид қиламан, лекин кафолат йўқ. «Олтин» ютишимиз ҳақидаги тасаввурим баъзиларни безовта қилиши мумкин, аммо бу такаббурлик ёки ортиқча ишонч эмас. Биз фақат бир нуқтада ғалаба қозонишга ҳаракат қилишимиз керак. Бу тоққа чиққандан кейин чўққига интилишдек гап. Бироқ, бунга эришиш учун баъзи қадамларни қўйиш керак бўлади, албатта. Буни босқичма-босқич бажаришингиз, нафас ростлашингиз, танангизни мослаштиришингиз ва ҳоказо. Ахир тоққа фақат биринчи баландликка етиш учунгина чиқмайсиз-ку!
- 1998 йилда эришган муваффақиятларингизни ҳамма билади. 26 йилдан кейин Франциядаги яна бир йирик турнирда терма жамоани бошқариб боришингиз қандай ҳиссиёт бермоқда?
- Менинг авлодим ҳам Олимпия ўйинларида ўйнаш имкониятига эга эди. Аммо саралашдан ўта олмагандик, чунки Италия жамоасида ҳам ажойиб ўйинчилар авлоди бор эди. Ва бу менга армон бўлиб қолди. Тўғри, шундан кейин ажойиб онларни бошдан кечирдим, лекин бу ҳар доим мен билан қолди. Бир кун келиб ўз майдонида ажойиб чемпионликни қўлга киритиш имкониятига эга бўлган жамоа бошқарувида бўлишимни билмагандим. Олимпия ўйинлари ҳаётимда бошдан кечира олмаган кам сонли воқеалардан биридир. 26 йилдан сўнг шундай вазиятга тушганимдан ақлдан озаётгандекман.
- Уйда ўйнаш сизга устунлик беради деб ўйлайсизми?
- Сўнгги пайтларда мен барча мумкин бўлган сценарийларни кўрдим. Олимпиада футболига назар ташласангиз, ўз уйида «олтин» ютган жамоалар кўп эмас. Aгар охирги Африка Кубогини олсангиз, ҳа, худди Қатар охирги Осиё Кубогида бўлгани каби, Кот-д`Ивуар ўз майдонида чемпион бўлди. Ваҳоланки, ўз уйимиздаги Евро-2016ни ютқаздик, лекин ЖЧ-1998, Евро-1984да ғолиб ҳам чиққанмиз. Бразилия немисларнинг 2006 йилдаги каби 2014 йилги мундиални бой берганини кўрдик. Хўш, бу ёрдам берадими? Ҳа, ёрдам беради, ёлғон гапирмайлик. Эсимда, 1998 йилда аэропортда хавотирли тартибсизлик бўлган ва бу мутлақо нормал ҳолат эди. Aлбатта, бу ёрдам беради, лекин ҳис-туйғулар ҳаддан ортиқ бўлса, у ҳам тўсқинлик қилиши мумкин. Баъзида жамоа муваффақиятга шунчалик интиладики, бирданига уларга қарши ишлай бошлайди. Шунинг учун биз буни ҳам назорат қилишимиз керак.
- Франциядан ташқари, Парижда муҳим аҳамиятга эга бўлган бошқа жамоа ҳам борми?
- Ҳар доим кутилмаган ҳодисалар бўлади, лекин мен илк навбатда Жанубий Aмерика томонларни эътироф этган бўлардим. Барчамиз уларни таъқиб қилмоқдамиз. Уларнинг сўнгги унвонларига қаранг - улар анча олдинда. Қолган рақибларга келсак, уларни қандай қилиб тўхтатишимиз мумкинлигини озми-кўпми биламиз.
- Мавзуни ўзгартирамиз, ЖЧ-2026 финали Нью-Йорк шаҳрида ўтказилиши эълон қилинди. Бу шаҳардаги фаолиятингиз ҳақида қандай хотираларингиз бор?
- Бу ҳақиқатдан ҳам ажойиб давр эди. Кўпгина ўйинчилардан фарқли ўлароқ, мен деярли ҳар доим 1994, 1995, 1996 йилларда таътилга айнан Нью-Йоркка борардим. Ҳозирги футболчилар асосан Лос-Aнжелес ёки Майамига боришади, лекин менинг танловим ҳар доим Нью-Йорк бўлган. Шунчаки бу шаҳарга ошуфта бўлганман. Aлбатта, «Ред Буллз» сафида ўйнаш ва Манхэттендаги Сохода яшаш имкониятига эга бўлдим. Болалигимданоқ фаолиятимни МЛСда тугашимни билардим. Нью-Йорк ҳақида соатлаб гаплашишим мумкин. У ерда яшаш, футбол ўйнаш ва лига, клуб рифожига озгина ҳисса қўшиш имконига эга бўлганимдан жуда мамнунман.
- Ва ниҳоят, ўзингизни мураббий сифатида қандай тавсифлаган бўлардингиз? Тьерри Aнрининг ўйин услуби қандай?
- Тўпга эгалик қилиш, ҳужумкор футбол ўйнаш ва прессингни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилишдир. Aлбатта, бундай ҳолатда, орқа чизиқда жуда катта бўш ҳудуд бўлади, шунинг учун ўйинни яхши бошқаришингиз керак, айниқса тўпни йўқотганингизда. Шубҳасиз, замонавий футболда тўпга эгалик қилишни йўқотиб қўйсангиз, тезда жазоланишингиз мумкин. Мен учун ғалаба қозонишнинг аниқ формуласи йўқ ва сиз эгалик қилишда устунлик қилмасдан турнирда ғалаба қозонишингиз мумкин. Менга жамоаларим ҳужумкор ўйнаши ва тўпни эгаллашга ҳаракат қилишини яхши кўраман.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади