Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа 1-2 Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас 1-5 Арсенал
21/12 22:30 Осасуна 1-2 Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе

Жаҳон рекордчиси Назриев «Барса»ни кўзламоқда

Баҳо:
+ | -

Австралиялик Арчи Томпсон томонидан ўрнатилган жаҳон рекорди нақ 23 йил «яшади».

У Океания минтақасидаги ЖЧ-2002 саралаш босқичидан ўрин олган Америка Самоаси термасига қарши ўйинда 5-6 ёки 9-10та эмас, 13та гол муаллифига айланган эди. Хуллас, Томпсон узоқ вақт терма жамоалар миқёсидаги 1та ўйинда энг кўп гол урган футболчи сифатида тилга олинди. Унинг мегамаҳсулдор ўйини ёрдамида 31:0 ҳисобида ғалаба қозонган Австралия термаси эса халқаро футбол тарихида энг йирик натижа қайд этган жамоа бўлиб келаётганди. Жорий йилга келиб, ҳар икки рекорд ўз аҳамиятини йўқотди.

***

Аслида замонавий футболнинг изчил ривожланиши натижасида ўта йирик ҳисобли ғалабалар тобора кам учрайдиган ҳодисага айлангани бор гап. Шунинг учун бўлса керак, Арчи Томпсоннинг рекорди 2025 йил тақвимига киритилган U-17 тоифасидаги Осиё кубоги саралашида тожикистонлик ўсмир йигит - Муҳаммад Назриев томонидан янгиланиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Эътиборли томони, Тожикистон термасининг саралаш доирасидаги илк ўйини Назриевнинг туғилган айёмига тўғри келди. Яъни йигитча 23 октябрь куни 16 ёшга тўлди. Қарангки, Муҳаммад Назриев Гуам термасига қарши баҳсда 14та гол уриб, Тожикистон ўсмирлар термасининг 33:0 ҳисобида ғалаба қозонишида бош ролни бажарди - тарихий аҳамиятга эга мегасенсацион натижа, шунинг баробарида ёш иқтидор учун бир умрлик унутилмас совға! Ахир Назриев шу натижаси ўлароқ, жаҳон рекордини янгилади. Шунингдек, тожиклар Австралия миллий жамоаси рекордини қулатишди. Муҳими, ёш футболчи бундай ноодатий натижадан эйфорияга берилаётгани йўқ. Ҳар ҳолда, Назриев ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида ўз рекорди юзасидан камтарона фикр билдирди: «Тўғриси, шу пайтга қадар бирор футболчига халқаро расмий турнирларнинг 1та ўйинида 14та гол уриш насиб этмагани хаёлимга ҳам келмаганди. Узоқ йиллик рекордни янгилаганим ҳақидаги хабар тарқалгач, барча дўстларим табрик йўллай бошлашди. Лекин шахсан ўзим буни ғайриоддий ҳодиса сифатида қабул қилмадим. Қандайдир ҳаволаниб кетиш ҳам йўқ».

*** 

Тожикистон ғарбидан оқиб ўтувчи Кофарнихон дарёси бўйида, пойтахт - Душанбедан 21 километр узоқликда жойлашган Ваҳдат шаҳрида улғайган Назриев футболга ўз ўлкасида қадам ташлаган. Табиийки, унда ҳам ўз кумири йўқ эмас: «8 ёшимдан ўртоқларим билан кўчада тўп ортидан югуриш асносида миллионлар ўйинига ошно тутинганман. Болаликда «Ваҳдат» клуби тизимида шуғуллана бошладим. Кейинчалик мамлакатимизнинг етакчи клубларидан бири «Истиқлол»дан таклиф олдим. Кўрик муваффақиятли ўтди ва мени жамоанинг ўринбосарлар сафига қабул қилишди. Ҳозир ҳам шу жамоада ўйнаяпман. Жаҳон футболи юлдузларидан Килиан Мбаппега ҳавасим баланд. У - асосий кумирим. Шунингдек, 7-рақамли футболкада ўйнашни ёқтираман».

*** 

Муҳаммад Назриев ўз устида изчил ишлашда давом этса, истеъдодини янада такомиллаштирса, яқин келажакда Европа клублари скаутлари эътиборини тортиши ҳеч гап эмас. Тўғри, йигитча айни пайт бу ҳақда ўйлаётгани йўқ. Унинг бор эътибори Тожикистон U-17 терма жамоаси билан Осиё кубогида муносиб қатнашишга қаратилган. Қаҳрамонимиз бу ҳақда алоҳида тўхталди: «Ҳозирда келаси йил Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги финал раундига жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Чунончи, гуруҳ босқичидан мувафаққиятли ўтиб, чорак финалга йўл олган 8та жамоага 2025 йили Қатарда бўладиган кичик ЖЧ йўлланмаси берилади. Хуллас, олдимизда турган вазифа тайин - келаси йили U-17 тоифасидаги мундиалга чиқишимиз керак. Шу марра сари Осиё кубогига қаттиқ ҳозирлик кўряпмиз».

*** 

Эндигина катта футбол бўсағасида турган бўлсада, сермаҳсул ўйини билан ўз номини тарих зарварақларига муҳрлаган ёш иқтидор эгаси суҳбат якунида келажакда бунданда юксак марраларни кўзлаётганини яширгани йўқ: «Орзулар ҳақида гапирсам, вақти келиб, Тожикистон миллий жамоаси сафида халқаро майдонда ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни истайман. Клуб футболидаги фаолиятга келсак, «Барселона»да ўйнаш ния­тим бор. Болалигимдан шу жамоага мухлислик қиламан ва «Камп Ноу»да майдонга тушиш асл орзум саналади. Умидворманки, кун келиб, бу ҳақиқатга айланади».

 Х.ЮСУПОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 14:48, 15.12.2024.
Ўқилди: 1586 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.