«Уотфорд» клубининг собиқ ҳужумчиси Трой Дини АПЛ доирасидаги «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» (3:2) учрашувидан сўнг Кобби Майнуни ҳафта рамзий жамоасига киритди ва унинг ўйинини алоҳида эътироф этди.
«Майнунинг мавсум бошидаги ва ҳозирги ўйини ўртасида жуда катта фарқ бор. Бу меҳр ва эътибор нималарга қодирлигини кўрсатиб турибди.
Айтишим мумкин бўлса, «Ливерпуль»га қарши баҳс Майну учун «Манчестер Юнайтед» либосидаги энг яхши ўйин бўлди. У майдонда ҳукмронлик қилди: муҳим тўп олиб қўйишларни амалга оширди, олдинга паслар берди, рақиб ҳужумларини бузди ва гол урди. Унинг ижросида мукаммал ўйин гувоҳи бўлдик. Менимча, у шунчаки ажойиб ҳаракат қилди», — деди Трой Дини.
Маълумот учун, Кобби Майну жорий мавсумда АПЛнинг 25 та ўйинида майдонга тушиб, 1 та гол ва 2 та голли узатмани амалга оширди.













