Мадриднинг «Реал» клуби ва бир қатор Италия жамоаларининг собиқ футболчиси Антонио Кассано Андони Ираоланинг «Милан» бош мураббийлигига номзодини маъқулламоқда. Унинг фикрича, Ираола ҳозирги кунда клубга айнан керак бўлган замонавий футболни шакллантиришга қодир.
«Агар «Милан» Ираолани хоҳласа, бу соврин ютиш мақсадида замонавий, европача футбол услубини қўллай оладиган мураббийни танлаш борасидаги амбицияли қарор ҳисобланади», — дея Кассанонинг сўзларидан иқтибос келтиради pianetamilan.it.
Эслатиб ўтамиз, «Милан» якунланган мавсумни фақат бешинчи ўринда тугатиб, Чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Энди жамоа Европа лигасида тўп суради.













