«Бетис» ҳужумчиси Антони Бразилия терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун эълон қилинган қайдномасига кира олмагани ҳақида фикр билдирди.
«Мен ЖЧ-2026 да бўлишни истагандим, лекин ҳаёт шунақа. Бу мавсумда қилган ишларимдан жуда фахрланаман. Буни адолатсизлик деб ўйламайман, чунки яхши сифатларга эга бўлган футболчилар жуда кўп», — деди Антони «El Chiringuito TV»га берган интервьюсида.
Бу мавсумда 26 ёшли бразилиялик футболчи барча мусобақаларда 45 та ўйинда 14 та гол урди ва 10 та голли узатмани амалга оширди.
Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Қуръа натижаларига кўра, Бразилия терма жамоаси «C» гуруҳида Марокаш (13 июнь), Гаити (19 июнь) ва Шотландия (24 июнь) терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олди.













