«Ювентус» клуби қанот ҳимоячиси Андреа Камбьясо ёзги трансфер ойнасида бошқа жамоага ўтишга тайёр. Бу ҳақда таниқли инсайдер Николо Скира хабар бермоқда.
Манбанинг берган маълумотларига кўра, футболчига бошқа гранд клублар томонидан жиддий қизиқишлар мавжуд. Аввалроқ матбуотда 26 ёшли ўйинчига «Челси», «Интер» ва «Барселона» клублари даъвогарлик қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Якунланган 2025/26 йилги мавсумда Камбьясо барча мусобақаларни ҳисобга олган ҳолда жами 47 та учрашувда майдонга тушди. У ушбу ўйинларда 3 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди.
Ҳимоячининг «Ювентус» билан амалдаги шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган. Transfermarkt мутахассислари футболчининг трансфер баҳосини 20 миллион еврога баҳолашмоқда.













