Ҳужумкор ярим ҳимоячи Николас Пас 2026/2027 йилги мавсумда ҳам «Комо» сафида тўп суришни давом эттиради. Аввалроқ «Реал» Пас А Серия клубида ўйнашда давом этишини, бироқ мадридликлар бир йилдан сўнг футболчини қайта сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлишини эълон қилган эди.
21 ёшли Нико Пас ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ўз келажаги борасидаги қарорини тушунтириб, пост қолдирди.
«Бир неча ҳафта давом этган фикрлашлардан сўнг, фаолиятим учун айни дамдаги энг яхши вариант — менга ўсиш ва бугунги даражамдаги футболчига айланиш имкониятини берган клубда яна бир йил қолиш деган қарорга келдим. Шахсан ўзим бу ҳам мен учун, ҳам "Реал" учун энг тўғри қарор деб ҳисоблайман», — деб ёзди Пас.
Нико Пас, шунингдек, янги мавсумда футболчи сифатида янада ривожланиш имкониятига эга бўлишини таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, «Комо» 2026/2027 йилги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этади.













