Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Санъат Шихов: "Терма жамоада ўйнашдан ҳали умидим бор"

Баҳо:
+ | -

Ўша пайт у 4 ёшда эди. Акалари бўш вақтлари уйлари яқинидаги «Спартак» (ҳозирги «Динамо») стадионига бориб тўп тепишарди. Улар укалари ҳали кичиклиги туфайли ўзлари билан олиб кетишни хоҳлашмасди. Болакай эса уйда ёлғиз қолиб зерикканидан ота-онаси рухсати билан кўчага чиқарди-ю, тезда акалари ёнига чопарди. Шу зайлда кунлар, ойлар ўтди. Оила бошқа ҳудуд, янги ҳовлига кўчди. У ердаги иморатларнинг ҳаммаси ҳали қуриб битказилмаган, рўпарада очиқ майдон бор эди. Ака-укалар шу жойни ўзлари учун шинам «стадион»га айлантириб олишди. Қўшнининг ён девори эса уларга дарвоза вазифасини бажарди.

Бир куни у Урганч шаҳридаги «Олимпия» (ҳозирги Хоразм спорт мажмуаси) стадионида жойлашган спорт мактабида футбол бўлими борлигини эшитиб, ўша ерга йўл олди. Эндигина 6 ёшни қаршилаган болакай ҳеч иккиланмай, машғулот ўтказаётган мураббий ёнига яқинлашиб, футбол ўйнашни ўрганишга келганлигини айтди. Мураббий қўл остида шуғулланаётган болаларнинг ёши анча катталигини таъкидлаб, кейинроқ келишини тайинлади. Табиийки, бу гап уни ранжитди. Вазиятни англаб етган мураббий халтачасидан битта сариқ рангли футбол формасини олди-да, унга туҳфа этди. Бола қувонганидан уйига ошиқди. Шу бўлди-ю, вақти-вақти билан стадионга келиб, машғулотларни кузатишни одатга айлантирди. Орадан яна бир йил ўтди. У Хоразм вилояти марказидаги 19-сон умумтаълим мактабининг 1-синфига қадам қўйди. Бир куни танаффус пайти ҳаётида кутилмаган воқеа юз берди. Синф хонасига Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 2-сон БЎСМ мураббийи Азимбой Орипов кириб келди.  Қарасаки, ўзининг эски таниши. «Меҳмон» кичик ёшлилар учун футбол гуруҳи очаётгани, хоҳловчилар боришлари мумкинлигини айтди. Бу гапдан унинг боши кўкка етди, жуда қувонди. Негаки, бир неча йилдан буён ушалмаётган орзуси рўёбга чиқаётган эди. Шу тариқа ҳаётини футбол билан боғлади. Бинобарин, илк марта биринчи устози - А.Ориповдан миллионлар ўйини сир-асрорларини ўрганди. Ҳа, Санъат Шихов футболга шундай қадам ташлаганди...

- Санъат, суҳбатимиз аввалида оилангиз ҳақида маълумот берсангиз.

- Оилада 3 нафар ўғилмиз. Мен кенжасиман. Барчамиз ёшлигимиздан футболга ошно тутинганмиз. Бугунги кунда тўнғич акам - Ибрат тақдир тақозосига кўра, бошқа соҳада меҳнат қиляпти. Ғайрат  акам эса кўп йиллар «Хоразм» жамоасида тўп сурди. Айни дамда спорт мактабида мураббий сифатида ишлаяпти. Албатта, шу даражага етишимда, уларнинг ҳиссалари беқиёс. Ҳозир ҳам акаларим ўйинимни кўриб, тегишли маслаҳатлар бериб туришади. Отам - Иброҳим ака ва ойим - Дилором опа ҳам менинг асл мухлисим. Қаерда бўлмайин, уларнинг қўллаб-қувватлаб туришганини қалбан сезаман.

- Бир пайтлар вилоят марказидаги 5-сон футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таҳсил олган экансиз. У ердан нимага кетгандингиз?

- Очиғи, 5-синфдалигимда мазкур ўқув-муассасига қабул эълон қилинди. Синовларни муваффақиятли топшириб, ўқишга кирдим. Деярли ярим йил мобайнида устозим, бугунги кунда Хоразм вилояти футбол федерацияси биринчи вице-президенти лавозимида фаолият юритаётган Равшан оға Отажонов қўл остида шуғулландим. Кутилмаганда, бувим мени мактаб-интернатга боришимни истамай қолдилар. Уларнинг раъини қайтаришни эп кўрмай,  умумтаълим мактабига қайтдим. Кейинчалик билсам, бувижоним жароҳатланишимдан қўрқиб, шундай йўл тутган эканлар. Натижада яна 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабига бориб, биринчи мураббийим - Азимбой Орипов машғулотларига қўшилдим.

- Тошкентга қандай келиб қолдингиз?

- Ўшанда 8-синфга кўчгандим. Тўсатдан спорт мактабимиз директори Шуҳрат оға Ваисов мени ҳузурига чақирди. Аввалига бу чақириқдан ҳайрон қолдим. Ҳаммаси борганимдан кейин ойдинлашди. Мени «Чиғатой» футбол мактабига юборишни режалаштирганини айтди. «Зўр қобилиятинг бор. Уни юзага чиқариш вақти келди»,-деди. Уйдаги вазиятни тушунтирдим. У киши ҳаммасини пишитиб қўйган экан. Ота-онам билан маслаҳатлашиб, бувимни пойтахтга кетишимга ҳам кўндиришибди. Шу бўлди-ю, мамлакатимизнинг таниқли футбол мутахассисларидан бири, ажойиб инсон Аҳмаджон ака Убайдуллаев шогирдига айландим. Айнан у кишининг беминнат меҳнатлари эвазига катта футболга қадам қўйдим. Буни сира унутмайман.

- Хўш, нега айнан ярим ҳимоячи амплуасини танлагансиз?

- Аслида ёшлигимда кўпчилик қатори ҳужумчи бўлишни истаганман. Тошкентга келгунимга қадар олдинги чизиқда ўйнаганман. Устозим Аҳмаджон аканинг тавсиясига биноан эса, ҳужумкор ярим ҳимоячи вазифасини бажаришга киришдим. Менимча, бу тўғри қарор эди.

- Илк бора қайси жамоада ўйнагансиз?

- 2006 йили Тошкентнинг «Шайхонтоҳур» жамоасига таклиф этишди. Бу 16 ёшли ўсмир учун омад эди. Биринчи лигада ушбу жамоа шарафини 2 йил ҳимоя қилдим. Дастлабки йили рақиблар дарвозасини 10 марта, кейингисида эса 11 марта нишонга олдим.

- Кейин «Пахтакор»га ўтдингиз...

- Ҳа. Мени ушбу жамоага ўзбек футболи ривожига кўп меҳнати синг­ган  инсонлардан бири Самвел Бабаян таклиф қилди. Олий лигадаги дебютимни 2008 йили «Пахтакор»-«Андижон» учрашувида нишонладим. Ўйиннинг иккинчи бўлимида майдонга тушгандим. Ҳали-ҳануз эсимда, ўшанда вужудимни бироз ҳаёжон босганди. Тўғри, атрофимда Александр Гейнрих, Зайниддин Тожиев, Одил Аҳмедов, Анвар Солиев сингари тажрибали футболчиларнинг борлиги тасалли берганди.

- Фаолиятингиз давомида энг ёдда қолган ўйинингиз тўғрисида ҳам тўхталсангиз...

- 2009 йили Мисрда ташкиллаштирилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳеч хотирамдан ўчмайди. Гуруҳ босқичидаги илк ўйинимиз Гана терма жамоасига қарши кечганди. Майдонда жуда шиддатли ва кескин кураш кечганди. Гарчи 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган бўлсакда, ўйинимиз барчага маъқул тушганди. Ке­йинчалик ганаликлар финалда бразилия­ликларни пенальтилар бўйича енгиб, чемпионликни қўлга киритишганди.

- «Челси» дарвозасига ҳам гол урган экансиз...

- Бу тўғри (кулади). Фақат, асосийси эмас, балки клуб қошидаги академия ёшларидан иборат жамоаси дарвозасига. Мисрдаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнини Англияда уюштириб, у ерда бир қатор ўртоқлик ўйинларида  майдонга тушгандик. Шулардан бири «Челси» ёшларига қарши ўтганди. Айнан ўша учрашувда мен урган ягона гол 1:0 ҳисобидаги ғалабамизни таъминлаганди. Эътиборлиси, ушбу баҳсда бизга қарши тўп сурган аксар футболчилар ҳозирда Англия премьер-лигасининг кучли жамоалари таркибидан ўрин олишган.

-  Тўпга асосан чап оёқда зарба берасиз. Лекин Англиядаги ўша ўйин­да голни ўнг оёқда урганингиз ростми?

- Футболда кутилмаган вазиятлар кўп бўлади. Ўшанда тўпни чап оёқда тепишнинг сира иложи йўқ эди. Уни мослаштиришга  эса рақиблар йўл қўйишмасди. Натижада ўнг оёғимда зарба йўллаганман.

- Санъат, асли хоразмликсиз. Лекин воҳа жамоасида ҳали ўйнамагансиз. Айтайлик, сизни «Хоразм»га чақиришмаганми?

- Чақиришган. 2010 йили «Хоразм» бош мураббийи Вали Султонов таклиф билан чиққанди. Ўша пайт «Пахтакор»­да ўйнаётгандим. Сир эмас, азал-азалдан пойтахтимизнинг ушбу жамоаси сафида тўп суриш футболчиларнинг орзуси ҳисобланади. Хуллас, таклифни рад этишга мажбур бўлганман. Хоразм­лик ишқибозлар бу қароримни тўғри тушунишади, деган умиддаман.

- Афсуски, бугунги кунда «Хоразм» биринчи лигада иштирок этиш билан чекланяпти. Ушбу вазиятга муносабатингиз қандай?

- Муболаға эмас, Хоразм воҳаси азалдан юртимизнинг футбол ривожланган марказларидан саналган. Жамоаларимизнинг ўзига яраша натижалари, бой тарихлари бор. Ўтган асрнинг 70-йиллари охири, 80-йиллари бошида Янгиариқнинг «Янгиариқ», Хиванинг «Хива», Боғотнинг «Хоразм» ва Хон­қанинг «Хоразм» жамоалари Ўзбекистон чемпиони бўлишганлиги фикримга далил. Яна Боғотнинг  «Хоразм» ва «Хива» жамоалари республика кубогини қўлга киритишганини унутиб бўладими? Шунингдек, вакилларимиз миллий биринчилик ўйинларида ҳам муносиб кўрсаткичларга эгалар. Воҳада тажрибали футболчилар талайгина. Уларнинг кўплари мамлакатимизнинг таниқли жамоаларида ўйнашмоқда. Мухлисларимизнинг ҳам ўзларига яраша анъаналари мавжуд. Шундай экан, «Хоразм»нинг ўрни олий лигада, менимча. Ишончим комил, келаси мавсум жамоамиз кучлилар сафига қайтиб, ишқибозларга олам-олам севинч улашади. Ҳарқалай, шундан умидворман.

-  Якунига етган Ўзбекистон чемпионати олий лигасида 7та гол уриб, нафақат «Динамо»нинг тўпурарига айландингиз, балки битта мавсумдаги шахсий рекордингизни ҳам ўрнатдингиз. Шунингдек, кучлилар сафида юбилей, яъни 100-учрашувингизни ўтказдингиз...

- Рақиблар дарвозасига киритган тўпларим сонини билардим. Аммо олий лигада майдонга тушган ўйинларим сони 100тага етганидан бехабар қолибман. Бу янгилик албатта, менга хушкайфият бағишлади.

- Келаси мавсумдан олий лигада яна 16та жамоа иштирок этади. Шу хусусда ҳам фикрингизни билмоқчи эдик.

- Футболимиз раҳбарияти ушбу ўзгаришга бежиз қўл урмаган, албатта. Фойдали томонларини ўйлаб, шундай қилинди. Менинг наздимда, бу тўғри қарор, агарда чемпионатда қатнашадиган жамоаларнинг барчаси иқтисодий томондан бақувват бўлса, албатта. Моддий томондан қийналадиган жамоанинг иштироки эса мусобақа савиясини тушириб юбориши ҳамда мухлисларнинг қизиқишларини сусайтириши мумкин.

- Вақт ўтиб боряпти, аммо сиз терма жамоадан четда қоляпсиз...

- Табиийки, мамлакат терма жамоаси сафида ўйнаш ҳар бир футболчи учун катта бахт ва шараф. Бинобарин, бундай ишончга эришиш учун тинимсиз ҳаракат қилишади. Агарда термамиз йиғинларига чақиришса, бор кучимни ишга солишим тайин. Умуман, мамлакатимиз бош жамоасида ўйнашдан ҳали умид узмаганман. Ажабмас, навбатдаги мавсумда бу ниятим амалга ошса.

---------------------------------------------

Муаллифдан: Санъат Шиховнинг статистикаси борасида ёрдам берган «Олмалиқ» футбол клуби матбуот котиби Бахтиёр Шириновга миннатдорчилик билдираман.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН

 

Санъат ШИХОВ 1989 йилнинг 28 декабрида Хоразм вилояти Урганч шаҳрида туғилган. Оилали. Турмуш ўртоғи Ҳафизахон - уй бекаси. Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтининг 4-босқич талабаси. Айни дам «Динамо»(Самар­қанд) жамоасининг иқтидорли ярим ҳимоячиси

Эътиборга молик кўрсаткичлари: «Пахтакор» жамоаси сафида 2010 йили Ўзбекистон чемпиони бўлган. 2008 йили Саудия Арабистонида бўлиб ўтган U-19 тоифасидаги Осиё чемпионати кумуш медали соҳиби. Мисрда ёшлар ўртасида ўтказилган ЖЧ-2009 иштирокчиси

 

Блиц-анкета

- Ёқтирган таомингиз?

- Манти.

Дам олиш вақтидаги машғулотингиз?

- Оила даврасида бўлиш.

- Қайси хусусиятни хушлайсиз?

- Тўғрисўзликни.

- Қайси хусусиятни ёқтирмайсиз?

- Ёлғончилик ва манманликни.

- Орзунгиз?

- Миллий терма жамоада ўйнаш.

- Футбол оламидаги энг кучли мураббий?

- Карло Анчелотти.

- Футбол оламидаги энг кучли футболчи?

- Криштиану Роналду.

- Футбол оламида ёқтирадиган жамоангиз?

- «Реал» (Мадрид).

Икром Худойберганов субатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 23:59, 12.12.2014.
Ўқилди: 5687 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.