Олий лига дебютанти “Қўқон-1912” жамоасининг янги мавсумдаги режалари улкан. Қўқонликлар нафақат элитада жон сақлаш, балки, етакчи клубларимизга етарлича қаршилик кўрсатишни мақсад қилишган. Шунинг учун жамоа аъзолари 20 декабрдан мавсум тараддудини бошлашди. 29 декабрь кунига қадар давом этган машғулотларда эътибор асосан жисмоний ҳолатни тиклашга қаратилди.
Уч босқичли йиғин
Мураббийлар штаби раҳбарият билан келишилган ҳолда жамоанинг янги мавсумга тайёргарлик режасини 3 босқичдан иборат этиб белгиланган. Бу режага кўра 1-босқич машғулотлари 20 декабрдан - 29 декабрга қадар Қўқон шаҳрида, “Марказий” стадионда олиб борилди. Бош мураббийи Рустам Абдуллаев Олий лига клублари учун ташкил этилган семинарда иштирок этгани боис, машғулотларни катта мураббий Арам Ананян олиб борди.
Шундан кейин футболчиларга кичик таътил берилди. Иккинчи босқич машғулотлари 3-15 январь кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилади. У ерда бир қатор назорат учрашувлари ўтказилади.
Бундан ташқари, Олий лига дебютанти хорижда йиғин ўтказишни режалаштирилган. Қўқонликлар 10-25 февраль оралиғида машғулотларни Туркияда олиб боришлари мумкин. Қолаверса, “Қўқон-1912” ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Ҳоким кубоги-2015” ва ПФЛ кубоги баҳсларида иштирок этишни мақсад қилган.
Жамоадаги ўзгаришлар
Биринчи йиғинда жамоа машғулотларида асосан “Қўқон-1912” билан биринчи лигада ўйнаган футболчилар шуғулланишди. Клуб мутасаддиларининг айтишларича, иккинчи босқичда жамоа сафига бир қатор янги футболчилар келиб қўшилиши мумкин. Хусусан, мураббийлар штаби украиналик легионерлар борасида музокара олиб боришмоқда.
Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган биринчи йиғинда жамоа таркибида “Нефтчи”нинг аъзолари – Иззат Ғаниев, Сайдулло Раҳматов келиб қўшилишди. Шунингдек, биринчи лига вакили “Аланга”да тўп сурган Азамат Аҳмедов ва Сарвар Холмуровлар ҳам биринчи йиғинда иштирок этишди. Бу футболчиларнинг жамоада қолиш-қолмаслиги маълум эмас.
Ҳуқуқий жиҳатдан “Нефтчи”га тегишли бўлган Абдулла Мирзаев айни дамда фарғоналикларнинг ўқув-йиғин машғулотларида қатнашмоқда. Ўтган мавсумда кўплаб футбол мухлисларнинг меҳрини қозонган Дониёр Усмонов ҳам “Локомотив”га қайтиб кетган. Лекин унинг сафга қайтиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Ўринбосарлар
Жамоа ўринбосарлари ҳам мавсумга жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Собиқ футболчи Муҳсин Низомиддинов бугунги кунда ўринбосарлар сафида ўйнаши мумкин бўлган ёш ўйинчиларни кўздан кечирмоқда. Синовларда кўплаб ёш футболчилар иштирок этишмоқда.
Жамоа ўринбосарлари машғулотида 2011 йили Мексикада бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида қатнашган Равшан Ҳайдаров ҳам иштирок этмоқда.
Аброр Деҳқонов
“Футбол инфо” газетаси