Аслида, Европада 30 ёшдан ошган футболчилар ёши катта футболчилар ҳисобланади ва аксарият гранд клублар бундай футболчиларни таркибдан чиқариб, ўрнига ёш ва ғайратли ўйинчиларни қўйишади. Бунга кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Демак, мантиқан олиб қараганда Криштиану Роналдунинг ҳам “Реал”даги миссияси тугагандек. Айни дамда 32 ёшни қарши олган португалиялик футболчининг жисмоний имкониятлари пасайган. Техник имкониятлари ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Охирги пайтларда Роналду ижросида деярли дриблинг кўрмаяпмиз. Ҳа, ҳозирги жисмоний ҳолати унга рақибларини бирин-кетин ортда қолдириш имконини бермаяпти. Роналду бунга деярли уринаётгани ҳам йўқ, уринганлари эса самарасиз кетмоқда.
Бундан ташқари, Криштиану ижросидаги ажойиб жарима зарбалари ҳам кўринмай кетди. Очиғи, охирги марта Роналдунинг қачон жаримадан гол урганини ҳам яхшилаб эсламасак, эслолмаймиз. Хуллас, Криштиану олдинги даражасидан анча пасайган. Мадрид жамоаси ҳам айни дамда ўзи истаган Роналдуни ҳар доим ҳам кўраётгани йўқ.
Энг муҳими, айни дамда Европанинг бир қатор клублари ҳамон Роналдуга қизиқиш билдиришмоқда. Хусусан, Хитой клуби ҳам Роналдуни сотиб олишга уринишдан чўчишмаяпти, чунки уларда пул бор, айни дамда хитой жамоаси Роналду учун 180 миллион евро таклиф қиляпти. Тасаввур қиляпсизми, 180 миллион евро. Роналду фаолиятининг чўққисига чиққанида ҳам бунча турмаган. Энди эса Флорентино Пересда Роналдунинг деб мўмайгина пул ишлаб олиш имкони бор. Ёки Роналдунинг трансферидан тушган пулга иккита-учта яхши ўйнайдиган футболчи харид қилса бўлади.
Кўриб турганингиздек, кўплаб омиллар Роналдунинг Мадриддаги сафари тугаб бораётганини кўрсатмоқда. Бироқ айни пайтда Роналду шундай ўйнаяптики, ёши сезилгани ҳам йўқ. Тўғри, у чиройли ҳаракалар қилмаяпти, лекин керакли вазиятда рақиб дарвозасини ишғол этишни уддалаяпти. Қолаверса, ҳанузгача “Реал” мураббийлари ўйинни Роналдунинг атрофида қуришяпти. Демак, Роналду ҳозирча кетмай тургани маъқул.
Иккинчидан, агар Роналду жамоадан кетадиган бўлса, “Реал” бу йўқотиш ўрнини тўлдиришга қийналади. Айни пайтда “қироллик клуби”да португалиялик юлдузнинг ўрнини босадиган футболчи йўқ. Бундай футболчи тўлиқ тайёр бўлгандагина Роналдуга жавоб бериш мумкин.
Роналдунинг “Реал”да қолиши учун етарли бўладиган энг муҳим сабаб — унинг фойдали ўйин коэффициэнти юқорилаб бораётганидир. У аввалгидек ўзини кўриб ўйнаётгани йўқ, у асосий ўйинларда жамоасининг жонига ора киряпти, хусусан, айнан Роналду “Реал”нинг ЕЧЛ кубоги ҳамда Ла-лиганинг бош совринини қўлга киритишига сабабчи бўлди. Яқинда “Паспортимдаги ёшимнинг аҳамияти йўқ”, дея интервю берган Роналду бу гапини амалда ҳам исботлаяпти. У “Реал”да қолмоқчи бўлса, демак, қолиши керак. Умуман олганда, “Реал”да ҳали “Роналду даври” тугагани йўқ.