Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Жулиано: «Ҳаммаси фақат ўзимга боғлиқ»

Баҳо:
+ | -

«Зенит»нинг бразилиялик яримҳимоячиси Жулиано янги мавсумга катта умид боғламоқда. Зеро, у келаси йили Россияда ўтадиган мундиалда «пентакампеонлар» асосий таркибида ўйнамоқчи.

Бунинг учун эса ўзини алоҳида кўрсатиши талаб этилади. Футболчи «СЭ»га берган интервьюсида клубдаги ўзгаришларни қандай қабул қилгани ва Конфедерациялар кубоги таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди.

«Зенит»даги ислоҳотлар ҳайрон қолдирмади, чўчитиб юбормади ҳам»

- «Зенит» ихтиёрига иккинчи йиғин арафасида қайтдингиз. Таътилни қандай ўтказдингиз?

- Дам олиш учун 10 кунгина вақт қолди - бунгача миллий жамоа йиғинида қатнашдим. Кейин оила даврасида дам олдим. Мана, яна «Зенит»даман ва ишлашга тайёрман!

- Бош мураббий ва клуб президенти ўзгаргани тўғрисидаги хабарларни қачон ва кимдан эшитдингиз?

- Интернетда ўқидим - бу ҳақда кўп ёзишди. Умидворманки, ўзгаришлар натижаларимиз янада ижобий бўлишини  таъминлайди.

- Умуман, бу янгиликларларни қандай қабул қилдингиз?

- Ҳарқалай, «сюрприз» сифатида эмас. Зеро, чемпионатда 3-ўринни банд этдик ва кўпчилик таътилга кетиш арафасидаёқ клуб раҳбариятида қандайдир ўзгаришларга қўл урилиши ҳақида гапирганди. Тўғри, бу даражадаги катта ислоҳотларни кутган эмасдим.

- Хўш, «Зенит»даги келажагингиз хавотирга солмаяптими? Ҳар ҳолда, жамоа сафига бошқа мураббий даврида қўшилган эдингиз...

- Йўқ. Боиси, нималарга қодирлигимни биламан. Бундай вазиятда ҳаммаси ўзимга боғлиқ. Ҳа, «Зенит»даги фаолиятимни бошқа мураббий қўл остида бошлаганим рост, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, мендан энг кучли томонларимни кўрсатиш талаб этилади, хусусан, жамоа ўйинига таъсир ўтказа олишимни.

- Бразилия термасининг баъзи футболчилари «Интер» ва «Манчестер Сити» клубларида Роберто Манчини билан бирга ишлашган. Улардан мураббий ҳақида маълумот олдингизми?

- Йўқ, бу мавзуда гаплашмадик. Фақат вақтида Манчинининг штабида ишлаган Силвиньо оз-моз гапириб берди. Айни пайт фаолиятини Бразилия термасида давом эттираётган мураббийнинг айтишича, Манчини тактикага катта урғу беради ва унинг учун майда-чуйда жиҳатлар йўқ. Ўйлайманки, у «Зенит»га янгилик олиб киради ва биз керакли натижаларга эришамиз.

«Паредесни биламан, аммо...»

- Бразилия миллий жамоаси яқиндагина Австралия ва Аргентина термалари билан ўйнади. Ҳар икки учрашув «яшил қитъа»да ташкиллаштирилди ва биринчисига 49, иккинчисига эса салкам 100 минг мухлис ташриф буюрди. Бундан ҳайрон қолмадингизми?

- Бразилия - Аргентина - бу супердерби! Яъни кўпчилик бевосита стадионда томоша қилишни орзу қиладиган қарама-қаршилик. Шунга монанд, Австралиядаги тўқнашувимиз ҳам унутилмас бўлди.

- Маҳаллий мухлислар кўпроқ қайси томонга тарафкашлик қилишди?

- Кўпчилик чиройли ўйин кўришни истагани шундоқ билиниб турди ва амалда ҳам шундай бўлди. Мухлислик масаласига келсак, австарилияликлар ҳар икки жамоани бирдек олға бошлашди. Ахир у ерда аргентиналиклар ҳам, бразилияликлар ҳам кўп.

- Тирик кенгуруни кўрдингизми?

- Афсуски, йўқ. Чунончи, Австралияга ўйиндан 3 кун олдин етиб бордик. Асосий масала эса вақт ўртасидаги 11 соатлик тафовутга мослашиш эди. Хуллас, маданий ҳордиқ учун етарли  вақт ажратолмадик, тўғри қайиқда дарё бўйлаб сайрга чиқишга улгурдик.

- Аргентина термаси таркибида Австралия сафарига Паредес ҳам борди. Ўша пайт унинг клубдошингизга айланиши мумкинлиги тўғрисида эшитганмидингиз?

- Йўқ. Аслида уни биламан, аммо ўйин услуби хусусида аниқ гапиришим қийин. Аммо мавсум стартига қадар яқиндан танишиб олиш имконияти бор.

«Таклифлар йўқ эмас, аммо «Зенит»да қолмоқчиман»

- Мавсумлар оралиғида «Зенит» ихтиёридаги футболчилар сафи анча кенгайгани хусусида нима дейсиз?

- Бу яхши ҳолат, жамоада рақобат янада кучаяди. Қолаверса, унутмаслик керак, биз бир йўла 3та мусобақада қатнашамиз. Демакки, мураббий учун таркиб «ротация»си имконияти ошиши муҳим, футболчилар эса зўриқишлардан сўнг бемалол тикланишлари мумкин.

- Қишки трансферлар вақти билан солиштирганда, «Зенит» асосан кучли футболчиларни жалб этаётгандек.

- Барчасини ўйинлар кўрсатади. Ҳа, таниқли йигитлар кўп. Аммо клубнинг кучайган-кучаймагани ҳақида ҳозирдан баралла гапириш ноўрин.

- «Зенит» спорт директори яқинда 7 нафар футболчига жавоб берилиши мумкинлигини айтди. Бу баёнот машғулотлар жараёнига нечоғли таъсир қилади?

- Ҳа, ҳар бир машғулотда ўзимизни кўрсатишимиз керак. Табиийки, астойдил ишлаяпмиз ва мураббий кимнинг нималарга қодирлигини кўриб турибди. Қайсидир футболчи кетмоқчи бўлса, буни раҳбарият билан муҳокама қилиши мумкин, аммо кўпчилик янги мавсумга «Зенит» сафида ҳозирлик кўриш учун келган. Дейлик, менга бир қатор клублардан таклифлар тушди - бу ёмон футболчи эмаслигим ва аввалги мавсум омадим келганини тасдиқлайди. Шундай экан, янги мавсумда янада яхши ўйнаш учун кўпроқ тер тўкишим керак.

- Таклифлар хусусида: улардан бирортаси алоҳида қизиқиш уйғотмадими?

- Йўқ, ҳеч бирини кўриб чиқмадим.

- Ўзи қайси клубларга чақиришди? Лоақал мамлакатлар номини айтинг...

- Гап шундаки, таклифлар расмий характер касб этмади. Тушунинг, трансферлар вақти - миш-мишлар даври.

«Данни билан майдонда ўзаро уйғунлашолмадик»

-  Данни жамоадан кетгач, Манчини билан майдондаги позициянгиз хусусида гаплашдингизми?

- Бунга улгураман ҳали. Ўйлайманки, бош мураббий майдонда менга муносиб роль топширади.

- Аввалги мавсумга қайтамиз: «Зенит»нинг юқорироқ ўриндан жой олишига нима етишмади?

- Мавсум ғоят мураккаб кечди. Янги мураббий йўлга қўйган футболга мослашиш кўп вақт олди. Балки мавсум охирларида бизга нимадир етишмагандир. Аммо 3-ўриндан юқорироққа муносиб эдик, барибир.

- Баҳор ойлари шахсан сиз учун кузга нисбатан ёмонроқ ўтди...

- Биринчидан, майдонда ёлғиз ўзим тўп сурмайман - барчасини бутун жамоа амалга оширади. Иккинчидан, баҳорги босқичнинг бошида «Андерлехт»га ютқазиб, ЕЛдан чиқиб қолганимиздан сўнг футболчилар руҳи тушиб кетди. Шунингдек, шахсан мен жисмоний томондан роса қийналдим - терма жамоа йиғинлари туфайли тез-тез Бразилияга боришимга тўғри келди. Умуман олганда, ўйиним жамоавий ҳаракатларга боғлиқлигини ҳам эътиборга олиш даркор. Агар шерикларим яхши ўйнашса, ўйлаган режаларим амалга ошаверади, акс ҳолда...

- Бутун баҳор давомида битта хулоса тез-тез қулоққа чалинди: «Қанчалик афсусланарли бўлмасин, Даннининг майдонга  қайтиши Жулиано ўйинига ижобий таъсир қилмади». Чунончи, португалиялик футболчи ҳаттоки, қанотларда ҳам эркин мусаввир ролини бажарди. Айтиш мумкинки, у майдон марказида йўлингизни шунчаки, кесиб қўйди...

- Бу фикрга маълум даражада қўшилиш мумкин. Иккимиз ўхшаш услубда ҳаракатланадиган футболчилармиз. Аммо унинг менга халақит берганини таъкидлай олмайман. Шунчаки, баъзи ҳолларда майдондаги ҳаракатларимизни ўзаро уйғунлаштиришда муаммоларга учрадик.

- Баҳорда гарчи унча омадли ўйнолмаган бўлсангизда, Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Титенинг фикри ўзгармади - у сизни йиғинларга чақираверди, барибир.

- Мамлакатимиз бош жамоаси устози менга ишонаётганидан хурсандман. Зеро, у йиғинлар чоғи қандай шуғулланаётганимни ҳам кўради-ку. Балки айтойдил тер тўкишим чақирув юборишига сабабдир.

- Аммо ЖЧ-2018га келиш-келмаслигингиз янги мавсумдаги иштирокингизга бевосита боғлиқ бўлиб қолаверади?

- Албатта, шундай. Ҳа, мундиал старти тобора яқинлашмоқда, аммо ҳали яна 1 йил вақт бор. Бу муддат ичида термадаги позициям учун янги номзодлар бош кўтаришлари мумкин. Аммо ишонаманки, агар «Зенит»да муносиб тўп сурсам, келаси ёз Россияга миллий терма таркибида келаман.

«Дзюба ва Кокорин шунчаки, ҳазиллашишган»

- Конфедерациялар кубоги ўйинларини томоша қилдингизми?

- Бир вақтда ўтган 2та учрашувни кўрдим - Россия - Мексика ва Португалия - Янги Зеландия қарама-қаршилигини. Афсуски, руслар ютқазиб қў-йишди. Португалия термаси ижросидаги ўйин ҳам унча ёқмади.

- Россия термаси чиндан ҳам, кучсизмиди?

- Йигитларнинг ғалаба йўлида борларини беришгани кўриниб турди. Аммо бир йил давомида фақат ўртоқлик учрашувларида майдонга тушган жамоанинг расмий мусобақага муаммосиз мослашиб кетиши қийин. Ўйлайманки, шу нарса ҳам Россия термаси натижасига таъсир кўрсатди.

- Юрий Жирков майдондан четлаштирилган ҳолатни кўрдингизми?

- Ўйинни бир футболчи ютмайди ёки ютқазмайди. Қолаверса, ҳеч ким хато қилишдан ҳимояланмаган. Россия термаси иккинчи голни қўйиб юборган лаҳзадаги хато қимматга тушди. Агар голкипер яхшироқ ҳаракатланганида бу гол юзага келмасмиди? Факт шуки, ўйинни Юрий Жирков эмас, бутун жамоа бой берди.

- Умуман, Конфедерациялар кубоги Бразилияда нечоғли қизиқиш уйғотди?

- Бутун мамлакат, ҳаттоки, футболчилар номидан жавоб беришим қийин. Фақат турнир учрашувлари тўлиқ трансл­яция қилинганини айтишим мумкин. Яъни Бразилия ТВчилари ҳам турнирни Россияда туриб, ёритиб боришди.

- Мусобақа савиясига баҳо бера оласизми?

- Жуда яхши! Германия термасига алоҳида урғу қаратиш жоиз - бу жамоа кўплаб етакчиларисиз ҳам қойилмақом ўйнади. Умуман олганда, немисларнинг ўйин услубига гап йўқ. Финалда эса чиндан ҳам, турнирнинг энг кучли икки иштирокчиси рўбарў келди: Германия ва Чили термалари.

- Энди Германия жамоасининг «иккинчи» таркибини буюк келажак кутаётганини башорат қилиш-япти.

- Бир нарса дейиш қийин, аммо менимча, айни пайт иқтидорли немислардан 2 ёки 3та эмас, балки 4та тенг кучли таркиб йиғиш мумкин.

- Бразилия термаси бош мураббийи ҳам Конфедерациялар кубогига келди.

- Ҳа, Тите ярим финал ва албатта, финал ўйинларини воқеа жойида кузатди. Ўйлайманки, у йиққан маълумотлар ЖЧга тайёрланишимизда жуда асқотади.

- Дзюба ва Кокорин воқеаси ҳақида эшитгандирсиз...

-  Ҳа, қисман хабарим бор.

- Тите шундай ҳолат кузатилса, қандай йўл тутарди?

- Аввало, таъкидлаш керак, Кокорин ва Дзюбанинг ҳаракатларига ОАВ вакиллари олов қуйишди. Ишончим комил, бу шунчаки, ҳазил эди. Тите масаласига келсак, у қаттиққўл мураббий ва жамоада ҳамма бир-бирини ҳурмат қилишини истайди.

- У бундайин ҳазил кимга йўналтирилгани билан қизиққан бўлармиди ёки футболчиларни шунчаки, термага чақирмай қўя қоларди?

- Титенинг қандай инсон эканлигига эътибор қаратсак, у аввало, футболчилар билан юзма-юз турган ҳолда гаплашиб оларди. Шундан кейингина матбуотда ўз хулосасини баён этарди, эҳтимол.

- Халк билан гаплашиб турибсизми, унга Хитой нечоғли ёқибди?

- Терма жамоа ихтиёридаги кўришишни инобатга олмасак, деярли гаплашмаяпмиз. Аммо Халкнинг Оскар ёнини олиб, дисквалификацияга учраганини эшитдим. Албатта, Хитойда ҳам ўзини кўрсатаётганидан хурсандман.

- У сизни ёнига чорламаяптими?

- Ҳозирча йўқ (кулади).

- Ярим йилча аввал дадил гапирган эдингиз: «Яхши ҳамки, мени Хитойга чақиришмаяпти - танлов муаммоси йўқ». Фикрингиз ўзгармадими?

- Йўқ, заррача. Хитойликлар таклифлари мўмай даромадни ўз ичига олаётгани сир эмас. Бундай ҳолатда хоҳлайсанми-йўқ, нима муҳимлиги ҳақида бош қотирасан: пулми ёки фаолият? Айни пайт кимлигинг хусусида ҳам ўйлашга мажбур бўласан...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:58, 19.07.2017.
Ўқилди: 3874 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.