«Барселона» академияси жаҳондаги энг кучлиларидан бири саналади.
Ла Масиядан Андрес Иньеста, Жерар Пике ва Лионель Месси каби кўплаб ижрочилар етишиб чиққан.
Ҳозирги кунда Марк Бартра ва Тьяго Алькантара сингари иқтидорлар жамоани тарк этиб, бошқа чемпионатларда ўз ўринларига эга бўлиб улгуришди.
Тўғри, сўнгги йилларда академиядан етишиб чиқиб, яққол кўзга ташланадиган футболчини кўрмадик. Аммо истеъдодли ёшлар занжири узилиб қолгани ҳам йўқ.
FootballHD.ru сайти ижодкорлари «Барселона» футбол мактаби чиғириғида тобланаётган ана шундай истеъдодли ёшларни санаб ўтишди.
Борха Лопес, Нили ва Хуан Камара
Бу учликни «Барселона»нинг баъзи мухлислари танишса ажабмас, чунки улар аллақачон асосий жамоада дебютларини ўтказишга улгуришди. Ҳимоячилар Борха Лопес ва Нили «кўк-анорранглилар»нинг Испания кубогидан ўрин олган «Эркулес»га қарши ўйинида (1:1) майдонга тушишган. Бироқ улар Каталонияда қолишадими ёки йўқ, даргумон. Нилининг клуб билан амалдаги шартномаси шу ёзда якунига етади.
Хуан Камара асосий жамоа таркибида икки марта майдонга тушган ва бу ўйинларнинг бири Чемпионлар Лигасига тўғри келганди. Аммо «Барса» 23 ёшни қаршилаб улгурган футболчидаги иқтидор намойишини узоқ кутмаса керак. Камара 2016|2017 йиллар мавсумини Испания иккинчи дивизиони вакили «Жирона» сафида ўтказди, аммо у ерда ҳам ўзини кўрсата олмай, бор-йўғи уч мартагина майдонга тушди, холос.
Яна бир футболчи Айтор Канталапьедрани ҳам шу рўйхатга қўшиш мумкин эди, бироқ у «Вильярреал»га ўтиб кетди. Мунир ва Сандро Рамиреслар ҳам жамоани аллақачон тарк этишган. Улардан фақат ал Ҳаддодининг ортга қайтиш эҳтимоли бор. Лекин у энди ёш футболчи эмас.
Марк Кардона
«Барселона» учун шунчаки иқтидорлар эмас, балки биринчи имкониятдаёқ ўзининг энг яхши хислатларини намойиш этадиганлар зарур. Марк Кардона худди шундай фазилатга эга футболчилардан бири. У туғма тўпурар ва асосий жамоада ҳам икки марта ўйнашга улгурган. Лекин унга асосий таркибдан мунтазам жой топиб бера олишадими? Йўқ, яқин вақт ичида бундай бўлмаслиги аниқ. Марк сегундада «Барса» учун 15та гол урди, аммо у 21 баҳорни қаршилаган ва бу ёшда нисбатан яхши кўрсаткичларга эга футболчилар етарли. Шунинг учун Кардонани келажакда кўк-аноррангли либосда кўрамизми ёки йўқ, бу жуда қийин савол. Эҳтимол, Чемпионлар Лигаси ва примерада иштирок этар, аммо захира вакили бўлиб қолиши эҳтимоли мавжуд.
Алехандро Карбонелл
Марказий яримҳимоячи Алехандро Карбонелл «Корнелья»даги ўйинлари билан испанлар оғзига тушди, сўнгра 2013 йили «Барселона»га ўтди. У асосий жамоадаги дебютини ўтган мавсум Испания кубоги доирасидаги ўйинда нишонлади. Футболчи, айниқса, рақибдан тўпни олиб қўйиш бўйича жуда яхши кўрсаткичларга эга ва бошқа жамоадошларидан бироз устунроқ. Карбонелл ҳали ёш бўлсада, асосий жамоанинг ҳеч бўлмаганда захира вакили жойига яхши номзод. Собиқ бош мураббий Луис Энрике бу футболчига ишонч билдирганди, балки Вальверде даврида уни асосий жамоада кўпроқ кўрармиз? Алехандро Ла Масиядаги фаолиятини ўнг қанот ҳимоячиси сифатида бошлаганини айтиб ўтиш жоиз.
Жерар Гумбау
2015|2016 йиллар мавсумида Луис Энрике бу футболчини кўплаб ўйинларда майдонга туширганди. Жамоада жароҳатланганлар сони ортиб, кадрларга эҳтиёж туғилганда мураббий айнан Гумбауни танлаганди. Тўғри, у асосан захирадан ўйинларга қўшилган. Жерарнинг тўп билан ишлаш маҳорати юқори даражада эди. Ўз навбатида, жисмоний имкониятлари ҳам Энрикенинг эътиборини тортганди.
Якунланган мавсумда Гумбау асосий жамоа таркибида барча турнирлардаги иштирокни қўшиб ҳисоблаганда саккиз марта майдонга тушган. Биз яна бир юлдузнинг етишиб чиқаётганига гувоҳ бўлаётгандекмиз. Аммо ҳозирдан бир нарса дейиш қийин. Ўтган мавсум у ёшлар жамоасида 100 фоиз асосий таркибда ўйнаганди. Ҳозир Жерар 22 ёшда, демак ўз йўлини танлашнинг айни пайти. Қолаверса, клуб билан тузган шартномаси муддати якунига етмоқда. Кўрамиз, балки битим яна бир йилга чўзилар?!
Вилфрид Каптум
Каптум ҳам худди Гумбау сингари 2015|2016 йиллар мавсумида асосий жамоадаги дебютини ўтказган. Аммо якунланган мавсумда уни бирорта учрашувда таркибга киритишмади. Фақатгина бир марта Ла лига доирасидаги ўйинда захира ўриндиғида ўтирди. Гумбаудан фарқли ўлароқ, Вилфрид «Барселона В» учун у қадар зарур футболчи эмасдек. Чунки жамоанинг мавсумдаги охирги 15та учрашувида бор-йўғи тўрт марта майдонга тушган. Аммо Каптумнинг иқтидорига етарли даражада баҳо беришмаётгандек кўринмоқда. У балки «Барселона»га керакмасдир, лекин ўртамиёна клубларга ёрдами тегиши муқаррар. Юқори тезликка эга 20 ёшли яримҳимоячи рақибларидан моҳирлик билан қочиб кетади. Вилфрид якунланган мавсумда ўзидан яхши таассурот қолдира олмади, аммо футболчида иқтидор бор ва келажакда уни «Барселона» бўлмаса, бошқа жамоа таркибида кўриб қолсак, ажабмас.
Серхи Сампер
Бир неча йиллар олдин Серхи Самперни кузатган футбол мутахассислари унинг иқтидорини юқори баҳолаб, «Барселона» академиясидан яна бир юлдуз етишиб чиқаётганини тахмин қилишаётганди. Аммо вақт ўтди, натижа эса йўқ.
Самперда майдон марказида ўйнайдиган юздуз футболчига айланиш учун барча нарса бор эди. Аммо барқарорлик етишмади. Футболчининг ўйини ҳар дақиқада ўзгариб қолиши мумкин. Бир қарасангиз, рақибдан тўпни ажойиб тарзда олиб қўйиб, фантастик узатмаларни амалга оширади. Бошқа вазиятда эса, кутилмаган жойларда қўпол хатоларга йўл қўяди. Позицион ўйин бобида у энг яхшилардан ва якунланган мавсумда «Гранада» таркибида ҳам марказий ярим ҳимояда муваффақиятли тўп сурганлардан бири бўлди. Лекин «Барселона» каби клубда майда «брак»лар ҳам кечирилмайди. Шунинг учун Сампер ўз иқтидорини янада шакллантириш учун кўп тер тўкиши керак. Ҳозирча эса Серхио Бускетснинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Сампер 22 ёшда ва келаси мавсум жамоада қоладими ёки бошқа клуб сафига ўтадими, буниси ҳали маълум эмас. Унинг каталонияликлар билан амалдаги шартномаси 2019 йилгача мўлжалланган.
Карлес Аленья
«Барселона»нинг иқтидорли футболчилари орасида ҳали ҳеч бири Аленья каби катта қизиқиш уйғотмаган. Чунки Карлес кам ўйнаган бўлсада, ўзидан ёрқин таассурот қолдира олди. 19 ёшли футболчи жуда тезкор, техникаси юқори, моҳирона узатмаларга эга. Аленья қанотда ҳам, марказда ҳам бирдек муваффақиятли ўйнай олади ва у келаси мавсум Вальвердега асқотиши мумкин.
«Ўзим учун нотаниш бўлган позицияда ўйнадим, аммо ўнг қанот менга кўп нарса бериши мумкин», - деганди Карлес интервьюларининг бирида.
Аленьянинг клуб билан тузган шартномаси муддати яна бир йил амал қилади, аммо келишув яқин орада узайтирилиши кутилмоқда. Унинг Иньестага ўринбосар бўлишига барча ишонмоқда. Ҳозирча Карлес тайёр футболчи эмас, ҳали кўп нарсани ўрганиши керак ва бунинг учун унда вақт бор. Агар жамоада қолишни хоҳласа, кейинги мавсум ундан Ракитич ва Рафинья кабилар билан рақобатлаша оладиган даражага етиш талаб этилади. Ёш истеъдод соҳибининг ўзи ҳам бу нарсани яхши тушуниб турибди: «Жамоада қолиб, асосий таркиб аъзосига айланмоқчиман. Аммо футболда воқеалар ривожини олдиндан башорат қилиш қийин, ҳамма нарса рўй бериши мумкин. Ўз навбатида, бошқа клубдан келадиган ҳар қандай таклифни рад этаман. «Барселона»да узоқ йиллар ўйнашни хоҳлайман». Салоҳиятини ҳисобга оладиган бўлсак, Аленья тез орада «кўк-анорранглилар»нинг узоқ йиллик юлдузига айланиши мумкин.