Сиз ЎФФга президент бўлиб сайланганингиздан кейин, футбол мухлислари жуда ҳам хурсанд бўлишганди. Жумладан, сизнинг ЎФФда энди шаффофлик бўлишини таъкидлаганингизда жуда қувонган эдик.
Шу кунга қадар федерация бир қатор ходимларини истеъфога чиқариб, ишқибозлар орасида катта обрўга эга бўлаётган эдингиз. Аммо сизнинг сўнгги - келаси йилдан Супер лигада 12 жамоа иштирок этиши ҳақидаги қарорингиз биз мухлисларни жуда ранжитди.
Ҳозир бизлар чинакамига шок ҳолатдамиз. Негаки, Ўзбекистонинг беш карра чемпиони, мамлакатнинг энг совриндор клуби бўлмиш – Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси кейинги мавсумни Про лигада ўтказишига тўғри келади.
Бу эса бир қатор муаммоларни келтириб чиқариши тайин. Фарғонада Супер Лига бўлмагач, хомийлар ҳам бу жамоага у қадар жиддий эътибор бериши шубҳа остида қолади. Натижада “Нефтчи”дек жамоанинг йўқ бўлиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Ишқибозлар эса бунга асло кўз юмиб тура олмайди.
Хурматли Умид Махаматжонович! Биз водийлик мухлислар футболни жуда севамиз. Жамоаларимиз ғалаба қозонса байрам қиламиз, мағлуб бўлса ғам чекамиз. Футбол бизнинг ҳаётимиз, шодлигимиз, ғам-ғуссамиз.
Жамоамизнинг бундай адолатсиз тарзда Про лигага сургун қилиниши натижасида Фарғона вилоятидек катта ҳудуд миллионлар ўйинидан узилиб қолади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев айтганларидек, "раҳбар биринчи ўринда халқни рози қилиши керак". Шунда файз ва барака бўлади. Халқни норизо қилганлар эса узоққа бормайди. Биз мазкур мурожаатномада очиқ фикр билдиришни жоиз деб билдик.
Биз бу қарордан норозимиз!
Қарорни тайёрлаш ва қабул қилиш олдидан федерация раҳбарлари жойларда бўлиб, вилоят ва шаҳар футбол федерациялари мутахассислари, Супер лига ва Про лига жамоаларининг мураббийлари билан маслаҳатлашганларида яхши бўлар эди. Афсуски, бундай қилинмади. Пойтахтдаги футбол мутахассисларининг фикрларигина эшитилди.
Шунингдек, Жиззахнинг “Сўғдиёна”, Самарқанднинг “Динамо” каби клубилари ҳам шу куйга тушишлари мумкин. Ҳокимият қарамоғидаги жамоаларга қийин бўлади.
Супер Лигада 7-9 миллиард сўм атрофида пул сарфлаётган бўлса, Про Лигада 2 миллиард сўм маблағ билан чекланиш мумкин. Раҳбариятга эса кам пул кетгани афзал. Шу боис, кўплаб жамоалар Про Лигада қолиб кетишади.
Агар ЎФФ чиндан ҳам мамлакатимизда футболни ривожлантиршмоқчи бўлса, кучлилар сафидаги жамоалар сонини ошириши керак. Футболи ривожланган мамлакатларда қаранг, чемпионатда 20 та жамоа иштирок этади.
Яна бир гап, 12 та жамоа қатнашадиган чемпионатлар ҳали Жаҳон футболида яхши натижаларни қайд этган эмас. Бунга бир қанча мисоллар келтириш мумкин. Сиздан илтимос қиламизки, ЎФФ чиқарган қарорини бекор қилиб, Супер Лигадаги жамоалар сонини ошириши керак. Акс ҳолда Ўзбекистон футболи яна орқага қараб кетиши тайин.
Агар жамоамиз кучлилар сафида қолса, сизга ишонтириб айтамизки, кейинги мавсумда яна бир гранд клуб Супер Лигада пайдо бўлади.
Иккинчи даврада жамоага келган мураббий асосан махаллий ёшларни тарбиялаб янги мавсум учун пойдевор ҳозирлаётган эди.
Ана шу фарғоналик иқтидорлар негизида кейинги мавсумда кучли жамоани тузиш режалаштирилганди.
Фақат "Нефтчи" Фарғона эмас, бир вақтлар Ўзбекистон пойтахти бўлган, ҳозирги вақтда аҳоли кўплиги ва иқтисодиёт жиҳатда республикада етакчи ўринда турадиган Самарқанд хамда Жиззаҳ вилоятида ҳам футболни оммалаштириш савияси пасайиб кетади.
Агар биздек оддий халқнинг фикр мулоҳазалари, эътироз ва муносабатлари Сизга қадар етиб борса, ҳамда фикрларимизни эътиборга олсангиз бошимиз осмонга етар эди!
Фарғона ҳалқини катта футболсиз қолиш ёки қолмаслиги сизнинг ҳукмингизда деб биламиз. Фарғоналиклар сиздан қувончли қарор кутамиз!
Кўп сонли фарғоналик мухлислар номидан Абдураҳим АЛАМОВ.
"Футбол Экспресс" газетаси