«Арсенал»нинг собиқ футболчиси Иан Райт «канонирлар»ни ўз ўйинларини тезда яхшилашга чақирмоқда. Улар бу борада жиддий бош қотиришлари шарт.
«Афсуски, «Арсенал»нинг айни ҳолати жуда мураккаб. Чунки таркибда аввало, ўзлари, қолаверса мураббий учун жон куйдирадиган футболчилар йўқ. Венгер кўплаб йигитларга ишонч билдирди, аммо ҳаммалари уни шунчаки, уялтириб қўйишди ва уялтирмоқдалар.
Ачинарли томони, бу мураббий учун ҳаммаси тугаётганини англатади. Аммо омадсизликлар учун футболчилар бош айбдор саналишади. Бинобарин, улар Венгер меҳри ва бошқариш усулини ожизликка йўйдилар.
Қаранг, футболчиларда на масъулият бор ва на жавобгарлик ҳисси. Ишонаманки, қачондир умумий вазият ўзгаради, ахир «Арсенал» ажойиб тарихга эга. Тўғри, ҳозирги ҳолатига фақат ачиниш мумкин - нақадар ёмон давр...», - деди Райт.