“Манчестер Юнайтед” ўзининг энг яхши юлдузини йўқотиш хавфи остида қолмоқда.
Криштиану Роналду асабий тушкунлик ёқасида ва у “Манчестер Юнайтед”да қолиш-қолмаслигига шубҳа қилмоқда. Клубдаги вазият португалиялик футболчини хавотирга соляпти. Бу ҳақда Испаниянинг нуфузли AS нашри хабар берди. Қайд этилишича, Роналду ўйинчи сифатидаги сўнгги мавсумларини совринлар қўлга киритишга ярамайдиган жамоада ўтказишни истамайди.
37 ёшли форвард “Манчестер Юнайтед” билан шартномаси якунланмагунича клубдан кетмасликка аҳд қилган эди, бироқ ҳозирда у ўзини ноқулай аҳволда ҳис қилмоқда. Бу ҳолат жамоанинг Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга кирита олмагани ёки кейинги мавсумда Европа лигасида ўйнаши сабабидан эмас. Муаммонинг моҳияти янада фундаменталдир.
Нега Роналду жонажон клубида бахтсиз?
Эрлинг Холанднинг “Манчестер Сити”га, Дарвин Нуньеснинг “Ливерпуль”га ўтиши Криштиануни “Манчестер Юнайтед” келаси мавсумда АПЛ етакчиларидан янада ортда қолишидан қўрқишига сабаб бўлди. Роналду “МЮ”нинг кучайишини истайди, аммо жамоада футболчи умид қилаётган ўзгаришлар бўлиши даргумон.
Бир томондан Криштиануни тушуниш мумкин. Роналду ўтган ёзда “Манчестер Юнайтед”га жиддий умидлар билан қайтган эди. У жамоа АПЛ фаворити бўлишга яқин эмаслигини ва фақат жуда яхши шароитдагина чемпионлик учун кураша олишини тушуниб етган.
Криштиану ўтган йилнинг ноябрь ойида чемпионат муваффақиятсиз бошлангани учун Оле-Гуннар Сулшер бош мураббийлик лавозимидан четлатилишини кутмаган бўлса ҳам керак. Унинг ўрнига келган Ральф Рангник эса жамоани ўзгартира олмади, бироқ у муаммолар илдизи қаерда эканини кўрсатиб берди ва мавсум охирида лавозимидан озод этилди.
“Манчестер Юнайтед”нинг амалдаги мураббийи – голландиялик Эрик тен Хаг. Роналду шу ҳафта у билан учрашув ўтказди. Таниқли инсайдер Фабрицио Романонинг сўзларига кўра, музокаралар яхши ўтган. Бироқ, Криштиану ўзининг келажагига ҳали ҳам шубҳа билан қарамоқда.
“Манчестер Юнайтед” трансфер кампаниясини жуда суст олиб бормоқда
Айни дамда Роналду янги клублар билан музокаралар олиб бормаяпти. Вазият тез орада ўзгариши мумкин. Гарчи “МЮ” кўплаб ўйинчиларга қизиқиш билдираётган бўлса-да, уларнинг ҳеч бирига жиддий таклиф юбормаган. Ҳозир Поль Погба, Хуан Мата, Неманья Матич, Жесси Лингард ва Эдинсон Кавани клубни эркин агент сифатида тарк этди.
“Брентфорд”да қолиш ёки “Тоттенхэм”га қайтишдан бошқа нарсани ўйламаётган ярим ҳимоячи – Кристиан Эриксен ва “Аякс” ҳимоячиси Юрриен Тимбер “Манчестер Юнайтед”га ўтиш вариантини рад этди. “Қизил иблислар” “Лидс” ярим ҳимоячиси Калвин Филлипсни қўлга киритиш устида ишламоқда, бироқ жамоа АПЛдаги ўрнини сақлаб қолгани ва “Манчестер Сити”дан футболчига бўлган қизиқиш сабаб келишув имкониятлари пасайди.
“МЮ” айни дамда Френки де Йонг (“Барселона”), Пау Торрес (“Вильярреал”), Энтони (“Аякс”) ва Давид Карма (“Брага”) билан шартнома имзоламоқчи. Эҳтимол, улардан бири янги мавсумни “Олд Траффорд”да ўтказиши мумкин. “Манчестер Юнайтед” бошқарувчи директори Ричард Арнольд ва клуб спорт директори Жон Мурто хотиржамликни сақлаб қолишмоқда. Улар Де Йонг билан шартнома, албатта, муваффаққиятли якунланишига амин, чунки “Барса”да жиддий молиявий муаммолар бор.
Ҳозирги “Манчестер Юнайтед” Криштианунинг амбицияларига мос келмайди
Юқорида номи тилга олинган барча футболчилар ва “Манчестер Юнайтед”нинг ҳозирги таркибида қолган ўйинчилар билан бирга чемпионликка эришиш жуда қийин. Жамоа имкониятини билиш учун “Манчестер Сити” ва “Ливерпуль”нинг таркибига қараш кифоя. Роналду ҳамма нарсадан яхши хабардор. Ҳозирги “Манчестер Юнайтед” учун энг яхши натижа, агар Тен Хаг ўз ишининг уддасидан чиқса ва супер жамоа мақомидан узоқда бўлган клубда соғлом муҳит яратса, АПЛда 4-ўрин учун курашиши мумкин. Чемпионлик масаласи “Сити” ва “Ливерпуль” ўртасида ҳал бўлиши эҳтимоли катта. Клуб Европа лигасида ғалаба қозониши мумкиндир, аммо бу Криштианунинг амбицияларига тўғри келмайди.
37 ёшли Роналду ўтган мавсум “Манчестер Юнайтед” сафида 39 ўйинда 24 гол урди ва 3 голга ассистентлик қилди. Криштиану ҳали ҳам Чемпионлар лигасининг исталган топ-клубида ўйнашга лойиқ. Барча гранд клублар ҳам унга энг муҳим ролни тақдим қилмаслиги мумкин, лекин, Роналдуни Роберт Левандовскига ўринбосар сифатида кўраётган “Бавария”да Криштиануга муносиб ўйин вақти ва барча жабҳаларда совринлар учун курашиш имконияти берилади.
Шу сабабдан Роналду ночор аҳволда. Унда чидаш учун бошқа куч йўқ. Ёки “Манчестер Юнайтед” яқин вақт ичида сифат жиҳатидан яхшиланади, ёки 37 ёшли футболчи август ойи охиригача бошқа жамоага ўтиб кетиши мумкин. Биринчи сценарийни амалга ошириш даргумон. Демак, “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти Криштиану содиқлик кўрсатиб, кейинги мавсум “Олд Траффорд”да қолишга рози бўлиши учун фақатгина мўъжизага умид қилиши мумкин. Агар бу амалга ошмаса, бундай ўйинчининг йўқотилиши топ-клуб даражасидан узоқлашаётган жамоа обрўсига катта зарба бўлади.